Комил инсон (фалсафа, тасаввуф)

0

Тасаввуф – инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илм дедик. Бу тушунча комил инсон концепциясида аниқ кўзга ташланади. Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини ўйлаш тасаввуфнинг доимий ўзак масаласи бўлиб келган. Айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар инсонда азалий икки қарама-қарши куч-раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамият бўлиб яшаш тартибларига ҳам шу мавқедан туриб қаралган; чунончи, ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам тасаввуф инсон табиати ва сийратидан қидиради, инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни мавҳ этишдан бошлаш керак, деб тушунтиради. Тасаввуфчилар инсон табиатидаги салбий кучларни умумий ном билан «нафс» ёки «нафси аммора» деб атадилар ва унга қарши уруш эълон қилдилар. Мол-дунё тўплаш, нафс эҳтиёжига қараб юриш, ҳирсу ҳавас қатъий қораланди, инсонни (демакки, инсониятни ҳам) ноқислик ва фалокатлардан қутқаришнинг бирдан-бир тўғри йўли – нафсни ўлдириб, қаноат билан ҳалол яшаш, руҳ – иродани чиниқтира бориб, инсонда инсонийликни, яъни илоҳийликни тантана эттириш зарур, деб тарғиб қилинди.

Ушбу фикрлар улуғ шайхларнинг «тасаввуф» тушунчасига берган таъриф-изоҳларида аниқ ифодаланган.

«Тасаввуф нима?» деган саволга Шайх Нурий жавоб бериб айтади: «Тасаввуф – нафс лаззатларидан воз кечишдир». Ёки Шайх Сафий Алимшоҳ жавоби бундай: «Тасаввуф – нафс манзилларини босиб ўтишдир». Шайх Равим сўзи: «Тасаввуф – Худо йўлида нафсдан кечмоқдир».

Нафс худбинликни, ўзим бўлай фалсафасини туғдиради. Нафс домига тушгандан кейин, киши ҳеч нарсадан тап топтмайди, харом-харишдан ҳазар эмай, бошқалар ҳисобига бўлса ҳам яхши яшашни ўйлайди. Оқибатда у золим, бераҳм риёкор бўлиб қолади. Шунинг учун тасаввуф талаб этган тийилиш, қаноат, сабру фақирлик тариқида гап кўп. «Дунёга бир марта келасан, оладиганингни олиб қол», – илгаридан маълум фалсафа бу. Коммунистлар буни: «Мен инсонман, демак менга ҳамма нарса раво» деб ўзгартирадилар, аммо мақсад ўша: иложини топгин-да, яхши яша, бошқалар билан ишинг бўлмасин. «Ҳамма нарса раво» фалсафаси одамни иймону эътиқоддан айириб, юлғичлик ва талон-тарожга фатво беради, ваҳшийлик инстинктини кучайтиради.

Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, руҳи Мутлоқ руҳга туташ, файзу кароматдан сероб, сурати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим показа зот, Навоий тили билан айтганда:

Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи.
Ҳуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.

Тасаввуф аҳли сиғинган идеал – Комил Инсон аслида халқ идеали, адабиёт идеали эди. Бу ҳаётбахш таълимотнинг пешволари ёзиб қолдирган асарлар, сўфиёна руҳдаги шеъру достонларни мутолаа қилар эканмиз, ёруғликнинг зулмга, хайрнинг шаррга, файзу камолнинг нуқсу ноқислик, калтафаҳмлик ва нодонликка қарши омонсиз жангига гувоҳ бўламиз. Воқеан, тасаввуф шайхлари, зулм ва қоронғулик лашкарига қарши маърифатни қурол қилиб олиб жангга кирган паҳлавонларга ўхшаб кетадилар (Тустарий: «Маърифат жаҳл-нодонликка қарши жангдир»). Улар Каъба деб кўнгилни тан оладилар, кўнгил раъйига юрадиган, дунёни кўнгил орақли биладиган ва кўнгилга сиғинадиган одам Аллоҳнинг севгани деб чиқдилар. Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асаридан: «Исмоил Даббос дедиким, ҳаж нияти қилиб, борурда Шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўлтуриб хирқасини ямайдур эрди, салом қилдим ва ўлтурдим. Мендан сўрдиким, не ниятинг бор? Дедим: ҳаж ниятим бор. Деди: онанг бор? Дедим: бор. Деди: ёниб онанг мулозаматига бор… Мен эллик ҳаж қилибмен – бош яланг, оёқ яланг ва зоду ҳамроҳсиз. Барчасин сенга бердим, сен онанг кўнгли шодлигин менга бер!»

Бу одамлар – жамиятнинг тирик виждони эдилар. Кишилар уларга қараб ҳушёр тортар, дунё бехудлигидан ўзига келиб, ўз қалбига, қилаётган ишларига разм солардилар, тавба-тазарруъ қилардилар. Уларнинг афъолу аъмоли инсонлар дилига қувват, кўзига нур бағишлаган.

Моҳиятан олганда, комил инсон ҳақидаги тушунчаларнинг мухтасар мағзи шундан иборат. Аммо бу ҳақда улуғ алламаларнинг қиймат ва аҳамиятини йўқотмаган қарашлари, фикрлари бор. Комил инсон тасаввуф адабиётида кўп марта тилга олиниб, мунозараларга сабаб бўлган ва бу ҳақда махсус китоблар ёзилган. Шулардан Саййид Абдулкарим Гелоний ва Азизиддин Насафий (XIII аср)ларнинг «Инсони комил» номли рисолаларини махсус тилга олиб ўтиш мумкин. Аслида эса комил инсон тушунчаси биринчи марта Шайхи Кабир номи билан машҳур бўлган Муҳйиддин Ибн Арабий (1165–1240) томонидан муомалага киритилганини қайд этмоқ жоиз. Ибн Арабий наздида комил инсон – бу ақли аввал ёки нафси аввал, ақли кулл тушунчалари билан маънодошдир. Чунки Тангри таоло илоҳий нурдан илк марта Ақли аввални яратди ва унинг сурату шакли Комил Инсон қиёфасида зуҳур этди. Шунинг учун «Халақоллоҳу адама алаъ суратар Раҳману» (Аллоҳ одамни Раҳмон суратида яратди) деган ҳадис мавжуд. Комил инсон, шу тариқа, Аллоҳнинг Раҳмону Раҳим сифатларига эга бўлди, дейдилар (Саййид Содиқ Гуҳарин. Шарҳи истилоҳоти тасаввуф, 1-жилд, 125-бет).

Ибн Арабийнинг фикрича, комил инсоннинг ердаги тимсоли ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи васалламдир. Ул зот вужудида ақлий, руҳий камолот, дунёвий ва илоҳий билимлар жамулжам эди. Пайғамбаримиз халқ ва Ҳақ муқобилида турардилар ва орада восита эдилар. Шундай бўлгач, ҳамма одамларни ҳам ва ҳатто анбиё ва авлиёларни, донишмандларни комил инсон деб аташ жоиз эмас. Ва агар Пайғамбардан ўзга зотларга нисбатан бу сифат айтилар экан, буни шартли таъриф ёинки шу улуғ мартабага ҳурмат-эҳтиром белгиси сифатида қабул қилиш керак. Саййид Абдулкарим Гелоний фикрига кўра, ҳар бир инсон иккинчисининг ўрнини босадиган нусхадир ва бирбирининг қаршисида турган кўзгу кабидир. Битта одамдаги хислат ва сифат иккинчисида акс этиб туради. Аммо фарқи шундаки, бу аксланиш баъзиларда феъл-ҳаракат бўйича бўлса, баъзиларида эса қувва, яъни хислат-хусусиятлар билан намоён бўлади. Демак, истеъдод ва қобилият, хусусият ва сифатига кўра, бирбирига ўхшаш одамлар беҳад кўп. Буларни умумий ном билан халқ, одамлар, кишилар деб қўя қоламиз. Бирига қараб иккинчисининг хулқу атвори, даражасига баҳо бера оламиз. Аммо шундай комил ва акмал кишилар борки, улар камолотда нафақат ўзга одамлардан, балки бир-биридан ҳам кескин фарқланиб турадилар. Буларни анбиё ва авлиё деб атаймиз. Буларнинг ҳам даражалари бор: баъзилари комил, баъзилари акмал, бир қисми фозил, яна бир қисми афзал, яна бир гуруҳи эса афзалу акмалдирлар. Саййид Абдулкарим Гелоний мазкур таснифни айтиб, яна қўшиб қўяди: «Комил инсон, воқеан, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдир ва қолган анбиёю авлиёнинг камолоти унга нисбатандир, худди фозилнинг афзалга нисбатидай».

Шайх Омилий дейдиким, ҳақгўй олимларнинг фикрига қараганда, олам Комил инсон ҳақиқати туфайли барқарордир, зеро фалаклар унинг нафаси билан айланурлар, мулку малакут ундан таълим олурлар. Шундай мартабада Комил инсонни Ҳақнинг кўзгуси дейдилар. Ҳақ таоло Ўз исми ва сифатларини фақат комил инсонда кўради. Шуни ҳам таъкидлайдиларки, комил инсонгина Ҳақ қудратининг буюклиги, чексизлигига гувоҳ бўла олади.

Ибн Арабий, Шайх Омилий ва Абдулкарим Гелоний қарашларига диққат қилинса, Комил инсон бир кайҳоний вужуд бўлиб кўринади, унинг сифатлари ердаги фоний одамлар сифатига, аниқ шахслар хислатига ўхшамайди. Унда биз жамики ғайритабиий кучларнинг мажмуини мушоҳада этгандай бўламиз. Бу ерда албатта жисмоний куч ҳақида гап бормайди, зотан илоҳиёт ҳақида гап борганда жисмоний куч эътибор эмас. Чунки Холиқият яратган жисмлар илоҳий қудрат олдида арзимас ва ожиз суратлардир. Комил инсон булар назарида оламларни эгаллаган, оламларга, барча жонзотлар ва инсонларга таъсир эта оладиган, инсониятни бошқарадиган бир Буюк руҳдир. Маънавий – Ақлий қудратдир.

Аммо Шайх Азизиддин Насафийнинг «Комил инсон», «Мақсади ақсо», «Зубдатул ҳақойиқ» номли ва бошқа рисолаларида комил инсон масаласи бир мунча бошқача ёритилган. Унда бу тушунча инсоннинг пайдо бўлиши, тараққиёти, мартабалар топиши билан боғлиқ ҳолда олиб қаралади. Натижада биз Азизиддин таърифларида айнан ҳаётий одамга хос белгилар, ахлоқий сифатларни ҳам кўрамиз. Яна шуни ҳам айтиш керакки, Насафий исломдаги бир нечта илмнинг иснонга бўлган қарашлари ва муносабатини чоғиштиради, инсонни кайҳоний вужуд сифатида ҳам, ер махлуқоти сифатида ҳам таҳқиқ ва тадқиқ этади. Насафийда комил инсон руҳ тушунчаси билан зич алоқада текширилади. Инсон мартабалари руҳ мартабалари сифатида олиб қаралади. Шу учун умумий тушунчлардан аниқ тушунчаларга ўтиб туриш бор. Бунинг сабабларидан яна бири Азизиддин Насафийнинг камолотни уруж (кўтарилиш) ва нузул (тушиш) назарияси асосида тушунишидир. Бу назария ўз навбатида улуғ олам ва кичик олам тушунчалари билан боғланиб кетади. Чунки Насафий Ибн Арабийга қўшилиб, инсонни олами сағир (кичик олам), илоҳий олам ва моддий оламни биргаликда олами кабир (улуғ олам) деб атайди. – Улуғ оламдаги жамики нарса ва хусусиятлар кичик оламда мавжуд, дейди у. Шу тариқа инсон юқори оламолами кабирнинг кичрайтирилган нусхаси бўлиб ҳисобланади.

Азизиддин Насафий комил инсонга таъриф бериб ёзади: «Билгилки, Комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳакқиқатда етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолга етган бўлсин: яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф».

Насафий санаган сифатларнинг дастлабки учтаси, яъни яхши сўз, яхши феъл, яхши хулқ Зардушт китоби «Авесто»дан олингандир («Гуфтори нек, кирдори нек, рафтори нек»). Бу сифатлар билан зийнатланган одам ёлғон, риё ва бадкирдорликдан чекинади, ҳамма вақт эзгу ният билан эзгу ишларга тайёр туради. Азизиддин Насафий яхши ахлоқ ҳақидаги Зардушт сўзи ёнига «маориф», яъни тасаввуфий покланиш талабини қўшиб қўйган. Унинг фикрича, тариқат йўлига кирган соликлар вазифамақсади ушбу тўрт фазилатни эгаллашдир. Кимки «ўзида шу сифатларни камол топтирса, у камолга эришади».

Насафийнинг мазкур таърифидан иккита хулоса келиб чиқади. Бири шуки, олим назарида комил инсон ҳаётдан тақари бўлган аллақандай мавҳум зот эмас, балки реал одамдир. Яхши сифатларни эгаллаб борган одам шундай мартабага кўтарила олади. Иккинчи хулоса шуки, Насафийга кўра, комил инсон мартабаси тариқат ва риёзат йўли билан қўлга кирадиган юксак мартабадир.

Комил инсон ҳақида юқорида баён этилган фикрларни ўзаро жамласак, қуийдаги хулосалар келиб чиқади:

  • Комил инсон – инсонларнинг энг мукаммали, энг оқили ва энг доноси.
  • Комил инсон Илоҳ билан одамлар орасидаги воситачи, илоҳий амр, ғайб асрорини оддий одамларга етказувчи улуғ ҳомийдир.
  • Комил инсон мартабада Ақли кулл (Ақли аввал)га тенг. Аллоҳ аввал Ақли куллни, яъни Комил инсонни яратди, кейин у туфайли бошқа махлуқотлар яратилди.
  • Комил инсон руҳи азалдан маълум, у Тангри таоло яратган энг қудратли руҳдир.
  • Комил инсон шу сифатлари билан мутлоқ илоҳий хислатларни жамлаган кайҳоний мавжудликдир, у агар оддий инсон суратида кўринса ҳам, лекин маънан коинотни қамраб олган ҳамиша бедор ва ҳамма нарсадан хабардор бир зотдир.
  • Шу мартабада у Аллоҳнинг халифаси бўла олади.
  • Комил инсон инсонлар жамияти ичидан етишиб чиқадиган мўътабар зотдир. У азалдан мартабаси аниқ бўлган руҳ эмас, балки ахлоқий-маънавий покланиш жараёнида камолга эришгандир.
  • Шу учун ҳар бир пок ахлоқли, илоҳсевар шахс комилликка интилиши ва бу йўлда насиба олиши мумкин.
  • Комилликнинг олий белгиси Ҳақ йўлидан бориб халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан қанчалик одамларга нафъ келтирса, ёмонларни туз йўлга солса, Ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комилдир.

Ушбу қарашлар гарчи бир-бирига зид бўлиб туюлса-да аслида моҳиятига кўра бир-бирига яқиндир. Яъни бу ерда инсоннинг камолоти, буюклигини тан олиш, инсон ва Коинот, инсон ва Илоҳ, инсон ва Мавжудотни ўзаро вобаста, алоқадор деб ҳисоблаш бор. Қарашлар орасидаги фарқ эса шундан иборатки, аҳли шариат тушунчасига кўра, инсоннинг қобилияти ва майллари азалдан маълум, яъни Аллоҳ таоло тақдири азалдан белгилаб қўйган. Пайғамбарлар, авлиёлар, донишмандлар руҳи бошиданоқ юқори оламда маълум эди, бу руҳларнинг мартабалари аввалдан белгиланган эди, дейди шариат аҳли.

Аммо ҳикмат аҳли (файласуфлар) ва тасавуф аҳли фикрига кўра, инсонга фаолият учун инон-ихтиёр берилган, у ҳаракат қилиб, комиллик асб этиши, ниятларига етиши мумкин. Шайх Азизиддин Насафий «Зубдатул ҳақойиқ» (Ҳақиқатлар қаймоғи) номли рисоласида ёзади: «Одамларнинг сўзлари ва фаолияти учун олдиндан белгиланган ўлчовлар йўқ. Билим ва бойликка эга бўлиш одамнинг сайъ-ҳаракатига боғлиқ: одам қанча кўп ғайрат қилса, шунча билми ва мол-мулки ортади».

Азизиддин Насафий камолотнинг белгиси сифатида икки нарсани асос қилиб олган. Бунинг бири – ҳамида ахлоқ бўлса, иккинчиси – ўз-ўзини таниш. Шу икки асоснинг бор ёки йўқлигига қараб у одамларни уч қисмга ажратган. Биринчиси, ҳамида ахлоқий хислатлар билан безанмаган ва ўз-ўзини танимаган одамлар. Иккинчи, ҳамида ахлоқий хислатлар билан безанган, аммо ўз-ўзини танимаган одамлар. Учинчиси, ҳамида ахлоқий сифатлар билан безанган ва ўз-ўзини таниган одамлар. Олимнинг назарида ана шу кейинги – учинчи тоифа одамлар комил инсонлардир: «Бинобарин, инсоннинг камолотга эришиши ҳамида ахлоққа эга бўлиш ва ўз-ўзини таниш билан амалга ошади».

Шу тариқа, комил инсоннинг ўзига хос ахлоқ кодекси ишлаб чиқилган бўлиб, бу сифатларга эга бўлиш ҳар бир одамнинг орзу-армони деб қаралган. Бундан яна шу ҳам маъулм бўладики, ўрта асарлардаги яхши ахлоқ, комил инсон ҳақидаги тушунчалар нисбий хусусиятга эга – бир томондан, жами руҳиймаънавий қудрат, ақлу заковат, яхши сифатларнинг жамулжами ҳисобланган мавҳум бир зот тушунчаси, иккинчи томондан шу чўққига интилиб, муайян матарабаларга эришган киши ҳам комил инсон деб ҳисобланган. Аммо масала қандай қўйилишидан қатъий назар, комил инсон ҳақидаги ғоялар катта ижтимоийахлоқий аҳамиятга эга бўлди, инсонни шарафли, эзгулик ва Буюк Хайр руҳида тарбиялаш, меҳру муҳаббат, вафо ва садоқатни кучайтиришга хизмат қилди. Ҳар замон, ҳар лаҳза инсонларга уларнинг инсонлигини эслатиб, ёвуз, қабиҳ ишлар, ножўя қилиқлардан сақланишга кўмаклашади, иймон ва виждон биносининг пойдор бўлишини таъминлайди.

Previous articleYerning o‘z o‘qi atrofida aylanishi va kattaligi
Next articleВаҳдатул вужуд ва ваҳдатуш шуҳуд