Марказий Осиё тариқатлари

0

Марказий Осиё тарикатлари. Тасаввуф ғояларининг тарқалиши, дарвешчилик ҳаракатининг ривож топишига турли пирлар, атоқли шайхларнинг номи билан боғлиқ тариқатларнинг аҳамияти катта бўлган. Тариқат (ёки сулук – йўллар) бир-биридан, аввало, юқорида айтганимиз, исломдаги икки мазҳаб – шиа ёки суннага рағбати билан, иккинчидан, шариатга муносабати билан, учинчидан, муайян тариқат тарқалган аҳолининг қадимий тасаввур-одатлари, маданий даражаси билан ва, ниҳоят, тўртинчидан ҳар бир пири муршиднинг тарбия усули, маъқул деб ҳисоблаган руҳий-маънавий таъсир воситалари билан ўзаро фарқланган. Масалан, Месопотамия ва Эрон, Ҳуросонда тафаккурий-фалсафий йўналиш, Туркия, Африка мамлакатлари, қисман Ҳиндистонда шариатга зич боғланган йўналиш, Мовароуннаҳрда ҳам фалсафий ва ҳам шариат измидаги йўналишлар биргаликда ёйилган. Тариқатларнинг сони элликтадан ортиқ. Чунончи, тайфурия, заҳабия, ҳуруфия, ҳалложия, шозалия, жунайдия, суҳравардия, сафария, қодирия, неъматуллоҳия, чиштия, низомия, бектошия, нурбахшия, мавлавия, маломатия, қаландария, маъруфия, фирдавсия, нурия, қушайрия, халватия, адҳамия, аҳмадия ва ҳоказо.

Булардан тайфурия (Тайфур Боязид Бистомий номи билан боғлиқ), ҳакимия (Ҳаким Термизий номи билан боғлиқ), ҳалложия (Мансур Ҳалложга нисбат берилади), суҳравардия (Яҳё Суҳравардий номи билан боғланган) оқимлар кўпроқ назарий томонлари билан маълум. Чунки Бистомий, Ҳаким Термизий, Жунайд Бағдодий ёки Яҳё Суҳравардий махсус хонақо тариқатини тузиб, солик       тарбияси билан шуғулланмаганлар.

Уларнинг тарафдорлари бор, холос.

Қаландария, маломатия каби оқимлар эса бирор шайх номи билан боғлиқ бўлмаган, алоҳида йўналишлардир.

Марказий Осиёда қуйидаги тариқатлар қадимдан кенг тарқалган: қодирия, яссавия, кубравия ва нақшбандия (ёки «хожагон»).

Қодирия тариқати эронлик шайх Гелоний (1077–1166) номи билан асосланган. У асосан Бағдодда яшаб кароматлар кўрсатиш, илму риёзат билан машҳур. Сунний мазҳабидадир. Абулқодир Гелоний Жунайд Бағдодийнинг «саҳв» (ҳушёрлик) концепциясини ривожлантирган, у муридлари орасида «Буюк мададкор» (Ғавсул аъзам) номи билан машҳур бўлган. Унинг тариқати ҳозирги Арабистон мамлакатлари, Туркия ва Ўзбекистонда тарқалган. Абдулқодир Гелоний Мовароуннаҳрда бўлган эмас, аммо шунга қарамай унинг тариқатининг Фарғона водийси, Самарқанд, Қашқадарё томонларда ихлосмандлари ва издошлари бор.

Яссавия улуғ шайх ва шоир Хожа Аҳмад Яссавий (вафоти 1166 йил) асослаган тариқат. Шуни айтиш керакки, яссавия билан нақшбандиянинг илдизи Хожа Яъқуб Юсуф Ҳамадонийга (1048–1140) бориб тақалади.

Аҳмад Яссавий илк устози Арслонбобдан хирқа кийиб, тасаввуф йўлига киргач, Бухорога бориб Ҳамадонийдан тариқат таълимини олади. Абдухолиқ Ғиждувоний билан бирга Ҳамадонийнинг энг ишонган халифасига айланади. Ҳамадоний вафот этгач, унинг ўрнига учинчи бўлиб шайхлик мақомига кўтарилади, аммо кўп ўтмай Бухородаги ишларини биродари Абдухолиқ Ғиждувонийга топшириб, ўз ватани Туркистонга қайтади ва бу ерда янги тариқатни таъсис этади. Унинг кўп сонли муридлари туркий халқлар орасида юриб, тасаввуф ғояларини ёйганлар. Яссавий овоз чиқариб зикр айтиш («зикри жаҳрия») ва кароматлар кўрсатиб мурид тарбиялаш, ҳилватда суҳбат қилишни йўлга қўйган. Унинг ўзидан кейинги силсиласини қуйидаги шайхлар давом эттирганлар: Сўфи Муҳаммад Донишманд, Суйламон Боқирғоний, Мансур бин Арслон бобо, Луқмон Паранда, Абдумалик Тожхожа, Исҳоқ бобо, Занги ота бин Абдумалик, Саид Хоразмий, Халил ота, Хожа Бектош Валий, Узун Ҳасан, Садр Хожа, Бадр Хожа, Аҳмад Саййид, Камол Иқоний, Ҳазрати Башир ва бошқалардир.

Яссавия тариқати ҳозирги Марказий Осиё, Туркия ва Россия худудларида тарқалган.

Кубравиянинг асосчиси хоразмлик улуғ шайх Нажмиддин Кубро (1145–1221)дир. У кишининг исми Аҳмад, отасининг исми Умар бўлиб, Нажмиддин, Кубро, Валитарош, Абулжанноб сўзлари у кишини шарафловчи куня ва лақаблардир.

У киши Миср, Эрон Ироқ, Шом мамлакатларини кезиб, турли илмларни эгаллаганлар. Шайх Рўзбеҳон Ваззон, Бобо Фараж, Шайх Ёсир Аммор, Шайх Исмоил ал Касрийлардан сўфийлик сирини эгаллаб, Хоразмга қайтиб, хонақо қурганлар. Жуда кўп муридлари бўлган. У кишининг назари тушган одам албатта илоҳий файзу баракот топар экан. Улуғ шайх шогирдларига илоҳий ҳақиқатлар сирини очиш, поклик ва руҳий-маънавий юксалишни таълим берган. Нажмиддин Кубро бир неча китоблар таълиф этган, уларда инсон ва коинот, инсон руҳияти тадқиқ этилади. Ўзига хос тариқат йўли («усули ашъора» – ўнта усул) баён этилади.

Нажмиддин Кубро муғул босқичиларига қарши жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлган, қабри Кўҳна Урганчдадир.

Нажмиддин Кубронинг силсиласи:

Маждиддин Бағдодий, Сайфиддин Бохарзий, Саъдиддин Ҳамавий, Фаридиддин Аттор, Разиаддин Ахи Лоло, Нажмиддин Доя, Бадриддин Фирдавсий, Нажмидин Муҳаммад, Садриддин Иброҳим, Азизиддин Насафий, Шайх Камол Жундий, Нуриддин Абдураҳмон Исфаҳоний, Рукниддин Али ад Давла ас Симноний.

Кубравия Эрон, Покистон, Африкада тарқалган, фирдавсия, нурия, рукния, ҳамадония каби ўндан ортиқ шохалари бор.

Нақшбандия Бухорои шарифда шаклланган бўлиб, дунёда энг кўп тарқалган тариқатидир. Асосчиси Баҳоваддин Муҳаммад бин Бурҳон бин Муҳаммад ал-Бухорий (1318–1389).

«Нақшбанд», «балогардон» ул зоти шарифнинг муборак сифатларидир. Баҳоваддин Нақшбанд силсиласини юқорида келтирдик. Аммо бу бир шохасидир. Нақшбандиянинг Ҳиндистон, Малазия, Филиппин, Эрон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Россияда яна кўплаб тармоқ силсилалари бор. Ҳатто ғарбий Европа ва АҚШда ҳам бу тариқат тарафдорлари бор. Лекин шуни қайд этиш керакки, хорижда яшовчи «нақшбандий»ларнинг бир қисми асл Нақшбанд тариқатидан узоқлашиб қолганлар. Нақшбанд зикри хафий (сокин зикр) тарафдори, у киши суҳбатни тарбиянинг асосий қуролига айлантириб, хилватнишинликни ҳам, самоу рақсни ҳам қабул қилмаганлар. Балки ботиний оламни ривожлантириш, шариатдан узоқлашмасдан сўфийлик мақомини эгаллашни талаб қилдилар. Нақшбанд ҳазратлари амал қилган «Сафар дар ватан», «Хилват дар анжуман», «ҳуш дар дам», «назар дар қадам», «дил ба Ёру даст ба кор» шиорлари одамни ҳам маънавий юксалишга кўмаклашади ва ҳам жамиятда баҳамжиҳат яшаб ўзаро бир-бирига ёрдам бериш, меҳнат, бунёдкорлик билан юртни обод қилишга сафарбар этади.

Previous articleТасаввуф онтологияси ва гносеологияси
Next articleIldizning tuproqdan. Suv va mineral moddalarni shimishi