Тасаввуф онтологияси ва гносеологияси

0

Модоми ки, гап оламлар ҳақида борар экан, тасаввуфнинг кайҳоний тушунчалари, яъни олам тузилиши ҳақидаги тасавурларини қисқача шарҳлашга тўғри келади. Тасаввуф фалсафасига биноан, Оллоҳ таоло аввал Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурини яратди. Сўнгра шу нур туфайли оламларни ва одамларни яратди. Шундай қилиб, олам асосида Муҳаммад нури ёки Муҳаммад ҳақиқати ётади. Оламлар бошида Муҳаммад нури мавжудлиги сабабли биринчи инсон ҳазрати Одам Сафиуллоҳни Муҳаммаднинг ўғли, бошқача айтганда, Муҳаммад алайҳиссаломни Одам Атога нисбатан ҳам ота, ҳам ўғил дейиш мумкин.

Муҳаммад алайҳиссалом нуридан сўнг лоҳут олами вужудга келган. Лоҳут олами илоҳиёт олами ва демак, ундан кейин жабарут, яъни буюклик олами ва унинг кетидан малакут олами – фаришталар олами яратилди. Лоҳут Ҳақ зотини ифодаласа, жабарут нурлардан иборат оламдир, малакут эса латиф руҳлар-дан тузилган олам. Аммо айтиб ўтилган оламларда шакл-аъроз йўқ. Бу хусусият жисмлар олами бўлмиш мулк оламига хос. Мулк оламини шаҳодат олами ёки олами носут ҳам дейдилар. Булардан ташқари, айрим назариётчилар бадан олами, яъни инсон оламини ҳам алоҳида олам сифатида қайд этганлар. Чунки инсон олами олами сағир (кичик олам) сифатида олами кабир (катта олам) деб номланадиган юқори оламларнинг хусусиятларини ўзида акс эттиради. Мазкур қараш инсоннинг икки асосдан иборатлигини яна бир карра тасдиқлайди. Парвардигори олам инсон руҳини ўз раҳмоний нафасидан ато этган экан, биз Мутлақ руҳнинг бир қисмимиз ва шу сабабли ўз аслимизга қараб интиҳосиз соғинч ва муҳаббат билан интиламиз. Бу интилиш аслимизни англаш билан амалга ошади. Шу маънода илоҳий ишқ билан илоҳий маърифат маънодош тушунчалардир. Ёки соддароқ қилиб айтганда, Ишқ инсонни маърифатга олиб борадиган қудрат, инсонни моддий асосдан покловчи, холи этувчи муқаддас олов. Ишқ бизнинг вужудимизни куйдириб, мусаффо этади, бизда тажрид ва тафрид (покланиш, яккаланиш) юз беради. Шу боис ошиқлар халқдан чекинадилар, чунки уларнинг руҳи дунёвийликни ёқтирмайди, хилватни қўмсайди, ҳамма вақт ўз Мавлиси – Оллоҳи билан бирга бўлишни истайди. ИШҚ – камолот калити ва иксири аъзам, ишқ мис вужудимизни олтинга айлантирувчи кимё. Ишқ одамни ҳайвонликдан халос этади, одамзод наслини бадбахтлик, фалокатлардан қутқаради, барча иллатларимизнинг давоси ҳам шу. Шу тариқа, тасаввуфдаги асосий талаб-рукнлар: Риёзат, Иродат, Узлат, Маърифат (Ирфон), Ишорат ва Муҳаббат «ишқ» тушунчасида мужассамланади.

Ишқ соликни фанога ва ундан кейин бақога олиб боради. Аммо бунда икки хил йўл, тўғриси – икки хил майл бор: бири – ҳаяжонли, сершовқин, руҳий кечинмаларни ғалаёнлар ичра изҳор этиб бориш майли бўлса, иккинчиси – осойишта, тамкинли; чуқур дарёнинг тубига ўхшаган ҳайбатли вазмин, ички дарди қудратини яшириш майли. Биринчи майлнинг йирик намояндалари Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Абусаид Абулҳайр, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Шамс Табризий, Бобораҳим Машраб. Иккинчи майл тарафдорлари қаторига Жунайд Бағдодий, Нажмиддин Кубро (бутунлай бўлмаса ҳам), Саъдий Шерозий, Баҳоуддин Нақшбанд кабиларни киритиш мумкин.

Боязид Бистомийдан олдин ҳам муҳаббат ҳақида гапирган сўфийлар бўлган. Аммо Боязид хизмати шуки, у бу нуқтаи назарни сўфий руҳияти билан боғлади. Унинг уқтиришича, ваҳдат ва фано шундай бир руҳий ҳолатда юз берадики, солик худди шароб ичган одамдай маст бўлиб ўзини унутади. Бу ҳолатни у «сукра» – «мастлик» (девоналик) деб атади. Унингча, маст бўлмаган одам ошиқ эмас, ошиқ илоҳий шароб – «шароби антаҳурдан» масту мустағриқ кишидир, у ўз вужуди – ўзини буткул унутади ва шунда аллақандай тушунтириб бўлмас бир қобилият пайдо бўлиб, солик Илоҳ маърифатини ҳис қила бошлайди. Шайх Тустарий буни ҳайрат тушунчаси орқали қуйидагича баён этган: «Қурб мартабалари ошган сари Оллоҳ улуғворлигининг асарлари зиёдроқ бўлади ва нодонликка қарама қарши ўлароқ илм кўпаяверади ва тасаввуфий маърифат орта боради ва ҳайрат устига ҳайрат қўшилаверади ва «Эй Раббий, ҳайрат оғушидаман», деган нидо кўтарилади».

Дарҳақиқат, маърифат ҳайратнинг натижасидир. Маърифат буюк Илоҳ оламлари бепоёнлиги, истиғноси – муҳтожсизлигини, Зоти жавҳарини қалб билан ҳис этиш ва кўнгил билан таниш демак. Шундай қилиб, маърифат – руҳ ҳодисасидир, фақру фано ҳам руҳнинг камолидан нишонадир.

Аммо Жунайд Бағдодий (ваф. 910) Боязидни танқид қилиб, «сукра» йўли фақат соликнинг ўзига нажот келтиради. Сукрага кирган одамнинг ўзгаларга нафъи тегмайди. Ҳолбуки, мақсад фақат ўзингни маърифатга етакзиш эмас, балки бу маърифатдан бошқаларни ҳам баҳраманд этишдир, дейди. Шундай экан, бехудлик даражасидан кейин, илоҳий маърифатга қалби тўлишиб, қайта хушёр тортган ориф улуғроқдир. Негаки, энди у ўз билимини халққа етказиб, юзлаб дилларни маърифат нури билан ёритади. Бу қараш «саҳв», яъни ҳушёрлик концепцияси номи билан шуҳрат топди. «Тасаввуф нима?» – деган саволга Жунайд Бағдодий: «Тасаввуф бир дам беғам бўлишдир», – дея жавоб берган. Бу гапнинг тагида маъно кўп. Бир дам беғамлик – бу қалб осойишталиги, инсоннинг аслига етгандан кейинги тамкинли саодати, дунё ташвишлари, нафс қутқусидан озодлиги ва ҳоказоларни англатади. Шу билан бирга, бир дам беғам бўлиш ҳаддан зиёд тўполон-ғалва қилмаслик, ҳаяжонланмасликни ҳам билдиради. Чунки Боязид сулукидагилар, айниқса, Мансур Ҳаллож бетоқат бўлиб, ўз кашфларидан маст ўлароқ жони ичига сиғмай, фикрларини ошкоро элга айтди. Бу эса яхши оқибатларга олиб келмасди, албатта. Тасаввуф сирлари, ҳикматларини оммалаштириш хавфли деб ҳисоблайди Жунайд. Зеро, авом нозик маъноларни англашдан ожиз. Оқибатда нотўғри талқинлар пайдо бўлади ва иймон-эътиқодга путур етади. Шунинг учун бўлса керак, Жунайд Мансурни осиш тўғрисида тайёрланган фатвога ўзи ҳам қўл қўйди. Жунайд Бағдодий айтишича, ҳақиқий бақо «саҳв» – ҳушёрликка қайтишдан кейин бошланади. «Сукра»даги одам бамисоли денгизга шўнғиб, ғарқ бўлган киши бўлса, «саҳв»га қайтган киши денгизга шўнғиб, гавҳар доналарини олиб чиққан ғаввосидир.

Шундай қилиб, Боязид Тайфур бин Исо Бистомий тасаввуф тарихида важдий (иррационал), интиутив билиш назариясининг асосчиси ҳисобланса, Абулқосим Жунайд ал Муҳаммад Қаворирий ал-Бағдодий илм ва ақлга суянадиган «ҳушёрлик» (рационал) билиш назариясига асос солди ва тасаввуф таълимотини илмийназарий қарашлар билан бойитишга улкан ҳисса қўшди. Замондошлари Жунайдни беҳудага «ақл ҳайкали» деб атамаганлар.

Агар тасаввуф тарихини кўздан кечирсак, бу икки концепция кўп асрлар давом этганини ва тасаввуфнинг хилма-хил оқимлари, силсилаларининг вужудга келишига сабаб бўлганини кўрамиз. Яна шуниси ҳам маълумки, ҳар икки оқимни бирлаштиришга уринганлар ҳам бўлиб турган.

Ривоят қиладиларки, Нажмиддин Кубро Табризда Бобо Фараж деган сўфий билан учрашади. Бобо Фараж қабулига борганда, сўфий уларга кийимларини ечиб сўнгра уйга киришларини буюради. Нажмиддин ва ҳамроҳлари Бобонинг айтганини қилиб, ичкари кириб ўтирадилар. Бир муддатдан кейин Бобода кучли ўзгариш юз беради – унинг вужуди «худди офтобдай порлаб» кетади. Бобо Фараж ўзига келгач, хирқасини ечиб Нажмиддинга туҳфа этади ва: «сен энди таҳсилни йиғиштир, китоб билан ишнинг битди», деб айтади. Нажмиддин бу вақтларда бир уламо қўлида тафсир ўқимоқда эди, китоб охирланиб қолганди. Устоди Нажмиддинга: икки кунлик сабоқ қолди, шуни эгалласанг, кейин ихтиёринг ўзингда, деб айтади. Нажмиддин эратсига яна сабоқ олгали устоди олдига борганда Бобо Фараж пайдо бўлиб, «Мен китоб мутоласи энди сенга зарарли деб айтдим-ку, яна нега келдинг», дея Нажмиддинга ақлий-далилий илмлар билан шуғулланишни буткул манъ этади.

Нажмиддин Бобо Фаражга қараб интилади, унинг ўтирган жойида «офтобдай порлаб», мўъжизалар кўрсатишидан ҳайратга тушади. Лекин Нажмиддин ақлий билимлардан ҳам кўнгил узмоқчи эмас. Шунинг учун Ҳадис ва тафсирларни мутолаа қилишни канда этмайди. Бу ўринда Нажмиддин сиймосида икки хил билиш усули – ақлий ва ботиний-завқий билишнинг қўшилганини кўрамиз. Дарҳақиқат, Нажмиддин Кубро ҳар жиҳатдан билимдон ва айни вақтда «валитарош» (валиларни тарбияловчи) кароматли инсон бўлган.

«Сукра», яъни мажнун бўлиб Илоҳни севиш ва бехудлик, девоналик ҳолатда ирфон қозониш ҳозирги пайтда Ғарбда ўрганилаётган «Онгсизлик онги» муаммосига ўхшашдир. Инсонда ақл билан тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар бўлишини фан исботламоқда, улуғ кашфиётлар айнан ана шу «бехудлик» ҳолатида қўлга киради. Орифона тасаввуф барча илмларни қамраб оладиган, ҳикмат ва фалсафани ҳам қўшадиган тасаввуфдир. Ошиқона тасаввуф ишқий кечинмалар, ишқий-завқий ирфонни биринчи ўринга қўйиб, муҳокама юритадиган, тўғрироғи муҳокама-тафаккурдан кўра ҳис-ҳаяжон, муҳаббат шавқ-завқи тошқинини афзал кўрадиган тасаввуфдир. Маломатия ва қаландария оқимлари ҳам моҳиятан ошиқона тасаввуфнинг шохобчасидир. Маломатийлар хокисорлик ва ўз-ўзини маломат қилиш билан Оллоҳга ихлосни ҳаддан ошириб, яъни ифротий тарзда ифодалайдилар. Улар ўзларини халқдан ажратмайдилар, авом ва хос тушунчаларини тан олмайдилар (қайд этамизки, сўфийлар одатда ўзларини «хос» кишилар, қолган барча халойиқни «авом» деб номлаганлар). Аммо маломатийларнинг бу халқсеварлигини гўшанишинлик ва ўзлатга зид ҳаракат деб тушунмаслик керак. Буларнинг ўзларини оддий одамлар билан тенг кўриши камтаринлик, шикасталик белгисидир. Малома-тийлар диний расм-русмни тан олмаганларидек, тариқатнинг ҳам одобу қоидалари, расм-одатларига унча риоя қилмаганлар. Чунки улар ҳар қандай қоида – русумни суратпарастлик, зоҳирийлик деб билганлар. Шунинг учун маломатия назарида тарки дунё қилган зоҳид ҳам, расм-русумга берилган хонақоҳ шайхи ҳам бирдай калтабин ва ҳақиқатдан узоқ кишилардир. Ошиқона ашъорда зоҳидлар, риёкор шайхлар қаторида умуман хирқапўшлик ва шайхликни мазаммат этган сатрларга дуч келамиз. Ҳофиз эса: «Ҳирқамни гаров қўйгум, бир коса шароб авло», деб ёзади. Яъни хонақоҳдаги шайх ҳирқасидан кўра, харобот (майхонадайр)даги маю маъшуқ афзалдир, дейди шоир. Шароб деганда у илоҳий файзни, харобот, майхона деганда комил инсон ҳузури ёки илоҳий файзни етказувчи маъшуқа – «мазҳар»ни назарда тутади.

Маломатийлик, айниқса, Хуросон сўфийлари Абулҳасан Ха-

рақоний (922–1032), Абусаид Абулхайр (967–1049), Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089), Фаридиддин Аттор (ваф. 1220) фаолиятида яққол кўзга ташланади. Бу шайхларнинг ҳар бири тасаввуф тарихида ўзига хос мавқега эга. Айниқса, Абусаид Абулхайрнинг жўшқин ҳаёти, руҳлантирувчи сўзлари, рубоийлари эл орасида машҳур бўлиб кетган эди.

Нишопур яқинидаги Майхона қишлоғида дунёга келга Абусаид Абулхайр тасаввуфда ўзига хос Хуросон мактабини асослаган шайхдир. У кўпдан кўп муридлар олдида оташин ваъзлар айтар, илоҳга бўлган муҳаббатни инсонга бўлган муҳаббат билан боғлаб тушунтирар, саховат, жавонмардликни сўфийнинг асил фазилати деб ҳисобларди. Чунончи, унинг сўзларидан: «Қўлингда нима бўлса бер, бошингда неки бўлса ташла, бошга нима келса чида». У «ғариб қашшоқларга хизмат қилиш», бунинг учун ҳар қандай меҳнат тури бўлса ҳам бажариш (ҳаммомда гулохийлик қилиш, кўча супириш каби)ни талаб қилар, дарвеш меҳнатдан ор қилмаслиги керак деб уқтирарди. Абусаид Абулхайр хонақо мажлисларида самоъни кенг жорий этган – рақслар қўшиқ, музика, шеърхонлик билан қўшилиб кетар, шайхнинг ўзи ва муридлари рақсга тушиб, Худо ёдида экстаз (бехудлик) ҳолатига кирганлар ва бундан роҳатланганлар. Аслида бу Боязид Бистомий йўлининг давоми эди, бундай ҳолатда сўфийнинг гўё қалб кўзи очилар, ғайб асрорини теранроқ идрок этарди. Яъни важдий (интуитив-иррационал) билишга имкон туғдирилган.

Previous articleМаърифат ва ҳақиқат
Next articleМарказий Осиё тариқатлари