Тарихий хотирасиз келажак йўқ

0

Ватан таъриф

Ватан! Бу сўз замирида олам-олам маъно бор. Ватан – азиз муқаддас ва мўтабар юртдир.

«Ватан» арабча сўз бўлиб, она юрт деган маънони англатади.

Ватан – биз  туғилган макон. Киндик қонимиз тўкилган тупроқ. Ватан –  бу олтин бешик. Ота-онамиз, қариндошларимиз ва дўстларимиз билан бирга яшаётган замин. Боболаримизнинг излари қолган йер. Аждодларимиз юрти, юракдаги жавоҳирдир.

Ватан – жонажон шаҳрингиз ва қишлоғингиздир. Инсоннинг қалби, орзу-умидлари, қувончлари ва келажаги  Ватани билан чамбарчас боғлиқдир.

Муқаддас «Ватан» сўзи мўтабар «она» сўзи билан ёнма-ён туради. Чунки, Ватан ҳам она каби ягонадир.

Сиз кинофилмларда турли сабабларга кўра узоқ муддат чет элларда бўлиб, ўз Ватанига қайтган кишиларининг самолётдан ёки пойезддан тушгач тиз чўкиб она Ватанларининг тупроғини ўпганларини ва кўзларига суртганларини кўргансиз. Бу манзарада уларнинг Ватанга бўлган муҳаббатлари, Ватаннинг саждагоҳдек муқаддас эканлигининг ёрқин намунасини кўрамиз.


Ўзбекистон – бизнинг Ватанимиз

Ўзбекистон ўтмишда Турон, Мовароуннаҳр ва Туркистон номлари билан аталган. Минг йиллар мобайнида мамлакатимиз ҳудудида хилма-хил динлар ва маданиятларга эга бўлган инсонлар тинч-тотув яшаб келганлар. Диёримиз ўзининг гўзал табиати, унумдор тупроғи, битмас-туганмас бойликлари билан доим барчанинг эътиборини тортиб келган.

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон.
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.

(Ҳ. Олимжон)

Ҳатто Ватанимизни босиб олганлар ҳам халқимиз яратган бой маданиятига тан берганлар. Айни шу заминда кўп асрлар мобайнида жаҳон маданиятлари бир-бирини бойитган.

Ватанимиз салкам уч минг йиллик тарихга эга. Бу даврларда мамлакатимиздан жаҳон илм-фанининг ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк алломалар, олимлар йетишиб чиқди. Сиз ўқувчилар эса Ватанимиз Ўзбекистоннинг келажагисиз. Ўзбекистон дунёнинг илғор давлатларидан бири бўлишга интилмоқда.

Бу буюк мақсаднинг рўёбга чиқишида Ватанимиз Сизни ҳамма ҳавас қилгудек фарзанд бўлиб камол топишингизга ишонч билан қарайди.


«Тарихий хотирасиз келажак йўқ»

Дунёдаги зўравон кучлар қайси бир халқни ўзига тобе қилмоқчи, бўйсундирмоқчи бўлса, авваламбор унинг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Юртбошимиз Ислом Каримов ўзининг «Юксак маънавият – йенгилмас куч» китобида «Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ» деб бежиз таъкидламаганлар. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов томонидан айтилган бу ҳикматли сўзлар Сизни Ватанимизнинг тарихини пухта эгаллашга даъват этади.

Ватанимизнинг ўтмиши буюк, унинг келажаги ҳам шубҳасиз буюкдир. Ўтмишдаги  буюклик нималардан иборат бўлганлигини  ва келажакдаги буюклик йўлида қандай улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигини тарих фанини босқичма-босқич ўрганиш орқали билиб оласиз.


Узбекистон/Узбекистан – бизнинг Ватанимиз