Маърифат ва ҳақиқат

0

Маърифат ва хакикат. Ҳақ йўлига кирган дарвешнинг ана шундай руҳий изтироблар сафаридан сўнг қўлга киритган маънавий маърифатини Сари Сақатий «тавҳид» (бирлашиш – Аллоҳ бирлигини идрок этиш), Маъруф Кархий ва Абусаид Харроз «фано» (йўқолиш) деб атадилар. Зероким, солик ўзи билан Илоҳ орасидаги масофани қисқартира бориб, вужуд тўсиқлари (моадо, мосиво, парда)ни енгиб ўтиб, шахсий «Мен»дан қутулади ва тўлалигича Мутлақиятга қўшилиб, у билан қоришиб, эриб кетади. Сўфийлар буни қатранинг денгизга қўшилиши ёхуд қизитилган темирнинг олов билан бир хил тус олиши билан қиёслаб тушунтирганлар. Дарҳақиқат, қатра – денгиздан нишона, денгизнинг моҳияти қатрада ифодаланган. Шу сингари инсон руҳида ҳам Илоҳ сифатлари мужассам. Бироқ моддийлик уни Илоҳдан ажратиб туради. Аслидан ажралган, вақтинча ғарибликда, мусофирлик (сафар)да бўлган инсон руҳи ҳижрон доғида қийналиб азоб чекади. Аммо руҳ моддийликдан покланса, мусаффо шабнамдай бўлиб, Денгизга – ўз аслига бориб қўшилиши мумкин. Бу васл фақат илоҳий маърифат орқали, яъни ўз-ўзини англаш, таниш ва шу асосда ўз Раббини таниш орақли қўлга киритилади.

Шундай қилиб, илоҳшунолсик илми теософия бўлган ирфон ёки маърифат («маърифат» сўзи арабча «арафа» – билмоқ сўзидан ясалган) тариқатнинг ҳосиласи ва бевосита давомидир. Хўш, маърифатнинг нишонаси нима, қандай киши маърифатга ноил бўла олади? Бу саволларга юқорида қисман жавоб берилгандай бўлди. Аммо шунга қарамай, буни кенгроқ шарҳлашга мажбурмиз, чунки тасаввуфда маърифат тушунчаси махсус ўрин эгаллайди ва унинг ўз таърифи, ҳақиқатлари бор. Сўфийлар назарида маърифат фикрдан олдин кетадиган ва шубҳага заррача асос қолдирмайдиган илмдир. Маърифат илми ботиний илм деб ҳам юритилган. Чунки тасаввуф аҳли дунёвий ва диний илмларни бирга қўшиб, «зоҳирий илмлар» деб атаганлар. Уларнинг уқтиришича, зоҳирий илмлар билан Худони билиш қийин. Бироқ, бошқа бир нуқтаи назар ҳам бор: гарчи зоҳирий билимлар Ҳақ таоло асрорини англашга яроқсиз бўлса-да, лекин дунёни билиш Оллоҳни билишнинг биринчи босқичи, яъни Оллоҳни билиш дунёни билишдан бошланиши керак, чунки дунё – касрат кўплик олами, Оллоҳнинг ижоди. Унинг сифатлари, қудратини намоён этиб турадиган кўзгу. Тасаввуф назариётчиларидан бири Абдураззоқ Кошоний Ибн Арабий қарашларига суяниб, маърифатга бундай таъриф берган: «Маърифат мухтасар илмларни тафсилотлар суратида танимоқдир, илоҳий маърифат илоҳий зот ва сифатларни аҳвол ва ҳодисалар тафсили ва нузул амрлар суратида таниш демак». Бунинг маъноси шуки, Мухтасар мавжудлик ва мутлақ фоил (иш эгаси) Оллоҳнинг ўзи бўлиб, Унинг илми касрат оламида тафсиллик топади, муайянлашади. Бундан яна қуйидаги фикр келиб чиқади: моддий дунёдаги жамики илм, инсонларнинг тўплаган ҳикмат-донишлари, ҳали очилмаган барча сиру асрорлар Оллоҳга тегишли, Оллоҳ – ҳикматларнинг жамулжами, бизнинг билимлар эса – Унинг тафсири, шарҳи. Демак, биз Раббимизни билиш учун тафсирдан Буюк аслга қараб боришимиз керак.

Илоҳий маърифатни эгаллаш мартабалари эса қуйидагича:

  1. Солик ҳар бир нарсани кўрганда, уни Мутлақ фоилнинг асари деб билсин, яъни дунё ва бошқа оламлар ўз-ўзидан мавжуд эмас, балки улар абадий ва азалий, қодиру холиқ, аҳаду самад Парвардигорнинг сунъидан яралган ва Парвардигор туфайли мавжуд эканига биру бор ишонсин, иймон келтирсин.
  2. Мутлақ фоилдан бўлган ҳар бир асарни кўрганда тасаввуф ва тахаййул билан Мутлақ фоил сифатларидан қайси сифати зуҳури эканлигини англаб етсин. Чунки Парвардигорнинг беҳисоб сифатлари бўлиб, олам ўзгаришлари, воқеа-ҳодисалар, нарсалар хусусияти Унинг муайян сифатининг натижасидир.
  3. Ҳақ муроди-мақсадини ҳар бир сифат тажаллисида (порлашида) англаб етсин (танисин).
  4. Солик илоҳий Илм суратини ўзининг маърифати суратида танисин ва ўзини илму маърифат, балки вужуддан ҳам соқит этсин. Кейинги, тўртинчи мартаба тавҳид ва фанога ишорадирким, бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Демак, бундан маълум бўладики, гарчи Оллоҳни кўриш мумкин бўлмаса-да, (ҳатто ҳазрати Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам Меърож кечаси Парвардигор ҳузурига етишганда, Уни бевосита кўрганлари йўқ, балки парда орқасидан суҳбатлашиб, жамолидан баҳраманд бўлганлар), илоҳиёт олами «ғайб олами» дейилса-да, шунга қарамай, Уни таниш сифатлари орқали Зотини англаш, идрок этиш мумкин. Ҳужжатул ислом Муҳаммад Ғаззолий дейдики, руҳни кўриб бўлмайди, лекин руҳ бор, у – «ҳастии нестнамой», яъни йўқдай бўлиб туюладиган борлиқдир. Масалан, тўзон қўзғолганда, тупроқ ўз-ўзидан ҳавога кўтарилди деб айтолмаймиз. Тупроқни шамол кўтариб, тўзонга айлантиради, лекин шамол ва ҳаво кўзга кўринмайди. Шу каби руҳ ҳам кўзга кўринмайди, аммо жисм ҳаракатлари руҳдандир, биз буни жисмнинг хусусияти, ҳаракати орқали билиб оламиз.

Тасаввуф аҳли билишнинг фалсафий йўллари – тасаввур, ҳис, мантиқий тафаккур ва ҳоказоларни ҳам эслаб ўтадилар. Бироқ уларнинг фикрича, ақлий-ҳиссий билиш зоҳирий – дунёвий билимга кифоя қилади, холос. Илоҳиётни англаш учун эса ақл ожиздир. Илоҳиёт илми ақлга сиғмайдиган, ақл ўлчовларидан баланд турадиган илмдир. Ибн Арабий айтадики, Худо ҳақида ҳам ақл тили билан гапириш мумкин, лекин ақл кучи билан Уни билиш мумкин эмас. Ақл исботни талаб қилади, далил – тажриба билан иш кўради. Ваҳоланки, Худонинг борлиги, зоту сифатларини далил орқали исботлаш мушкул. «Маърифат Ҳақ томонидан юборилади. Бу менинг фикрим эмас, балки илоҳий илҳомдир», деб ёзади Ибн Арабий. Оллоҳ билан хилватда қолган мард инсонда шундай холат юз берадики, унда Илмлардан илҳом пайдо бўлиб, Унинг раҳмати билан юксалади. Дарвешдаги бу ҳолат оддий одамлар ва исбот-далил аҳли учун қоронғидир. Бу авлиёларга юбориладиган ладуний билим. Боязид Бистомий калом аҳлига қараб деган экан: «Сиз ўз илмларингизни жонсиз нарсалардан оласиз, биз эса абадий тирик Зотдан оламиз». Боязид жонсиз нарсалар деб моддалар-ашёларни назарда тутади. Ладуний – раббоний билим Хўжа Хизрнинг билимига қиёс этгулик. Хўжа Хизр ҳаёт суви – абадий тириклик сувини ичгач, у ҳамма воқеадан, ҳамма аҳволдан, ҳамма кечинмалардан хабардор; нарсалар ҳосияти ва қонуниятини олдиндан билади, Худо унга ўз билимини туҳфа этган.

Асли Испанияда туғилиб, мусулмон оламини кезиб чиққан, ўзининг «Футуҳоти Маккия», «Фусусул ҳикам» асарлари билан тасаввуф фалсафасига улкан ҳисса қўшган Шайхи кабир Ибн Арабий (1165–1240) инсон билимларини учга бўлган: биринчиси – ақлий-ҳиссий билимлар, иккинчиси – ҳол илми (ҳолат, маҳол илми ҳам дейди у). Учинчиси – сирру асрор илми. Биринчи илм зоҳирий фанлар билан шуғулланадиган кишилар илми бўлса, иккинчи илм ҳол мартабасига кўтарилган сўфийлар илми ҳисобланади, яъни важд ҳолатида кашф этилган илм. Учинчи илм – авлиёлар илми. Бу илм муқаддас руҳлар орқали келади, шуъла – нур кўринишида қалбга киради.

Шу ўринда тасаввуф аҳли тез-тез мурожаат қиладиган билишнинг уч хил босқичи – илмул яқин, айнул яқин ва ҳаққул яқин тушунчалари устида тўхталмоқчимиз. Арабча «яқин» сўзи ишонч, бирон нарсага қатъий ишончни англатади. Бу сўз Қўръони Каримда ҳам кўп қўлланилади. Илмул яқин, айнул яқин, ҳаққул яқин – билишнинг уч босқичи. Биринчи босқич китобий, таҳсилий билимга ишора бўлса, иккинчи босқич ўз иштирокидаги тажрибавий билимни англатади, учинчи босқич эса ўзи тажриба воситасига айланиб, ҳақиқатни англаш билимидир.

Илмул яқин – билим орақли ишониш. Масалан, дейлик, менга тушунтириб айтдиларки, олов иссиқдир ва у куйдиради, мен бунга ишондим.

Айнул яқин – тўлиқ илмий ишонч, тажриба қилиб кўриб ишониш. Мен ўзим синаб кўрдим: олов ҳақиқатдан ҳам иссиқдир ва у куйдиради.

Ҳаққул яқин – ҳақиқий ишонч, яъни: мен ўзим оловда ёндим ва оловнинг ёндириш кучи, хусусиятига батамом ишондим. Бу – Ҳаққа етиш илми. Кўринадики, юқорида Ибн Арабий тасниф этган илм даражалари билан ҳозир таъриф этганимиз уч босқич орасида яқинлик бор.

Алишер Навоийнинг «Лисонут тайр» асарида «Парвоналар мажмуъи шамъ ҳақиқати шарҳида» («Фақру фано водийсининг адоси» боби) деган ҳикоят бор. Унда келтирилишича, парвоналар бир кеча йиғилишиб, шамъга толиб бўладилар; келишиб олиб, шамънинг моҳиятини англамоқчи бўладилар. Шунда улардан бири шамъга яқинлашади, унинг мунаввар нурини кўриб, қайтиб келиб бошқаларга ҳикоя қилмоқчи бўлади. Аммо парвоналар унинг сўзидан ҳеч нарса англамайдилар, чунки у шамъ нима эканини тушунтириб бера олмайди. Шу зайлда яна бир неча парвона шамъ атрофини айланиб келиб, кўрганларини сўзлайди. Лекин «топмади мушкул кушод андин доғи», мақсад амалга ошмайди.

Шамъ даврида қанот кўп урдилар,
Ҳар бири ўз бол-парин куйдурдилар.
Ҳар бири куйганча ондин топди ком,
Шарҳи душвор эрдию нақли ҳаром.

Ҳар бир парвона шамъ нуридан лаззатланди, аммо уни шарҳлаб бера олмайди, чунки шуълани тил билан шарҳлаб, тушунтириб бўлмайди, киши то куймаса олов ҳароратини англамайди. Навоий бундан иккита хулоса чиқарган: бири – Ҳақ нурига ғарқ бўлиб, Унинг жамоли ҳароратида ёнмагунча Ҳақни англаб бўлмайди. Иккинчиси – Ҳаққа етган одам (куйган парвона каби) бу сирни баён қилиб бера олмайди. Бу – ҳаққул яқиннинг худди ўзидир. Яъни фоний бўлиш, субъектнинг объектга айланиши, солик вужудининг батамом йўқолиб, илоҳ оламига қўшилиб кетиши.

Мансур Ҳаллож (858-922) ана шундай мартабани эгаллаган зот эди – Ҳақ оламига қўшилиб «мен Ҳақман» («Анал Ҳақ») деди. Мансурнинг устозларидан Боязид Бистомий (ваф. 875) эса айни ҳолни илҳоми жўш урган пайтларидан бирида «Субҳони, субҳони, мо аъзам шоъни» деб юборади, яъни «Шарафланганман, шарафланганман, шарафланганман мен, менинг мартабашаъним улуғлигига қаранг». Қуръон бўйича бандаси бундай дейишга ҳақли эмас, чунки бу Парвардигорнинг сифатларидир. Аммо Боязид ўзини Ҳақ билан бирга ҳис этиб, Унинг сифатларини ўз сифати деб ҳисоблайди. Боязид Бистомийнинг мана бу изҳори ҳам қизиқ: бир пайт У мени Ўз ҳузурига олиб чиқди ва олдига қўйди ва менга деди: «Эй Боязид, ҳақиқатан ҳам менинг махлуқим юз кўришни севади, майли, сенинг юзингни кўрсин». Ва мен жавобида дедим: «Мени ўз ваҳдатинг ила безагин, ўз сифатларинг ила сифатлагин, тавҳидинг мартабаси-ла шарафлагин, токи махлуқларинг мени кўрганда: «Биз Сени кўрдик» ва «бу Сен бўлибди» десинлар ва мен бу ерда бўламайин».

Бу сўзларда инсонни илоҳийлаштириш, комил инсон сифатлари билан Илоҳ сифатлари орасида тенглик аломатини қўйиш бор. Дарвоқе, Боязид Бистомий ва Мансур Ҳаллож ҳам шу фикрни олға сурганлар. Бу худоликка даъво эмас, ҳулул ҳам (ҳулул – Илоҳнинг одамда сингиши ҳақидаги назария) эмас, балки инсонни улуғлаш ва тавҳид билан ваҳдат – куллиятни ниҳоятда чуқур англашдир. Диққат қилинг: Боязид сўзининг охирида «ва мен бу ерда бўлмайин» дейди. Нима демоқчи у? У айтмоқчики, менинг башарий қиёфам буткул йўқолсин, илоҳтий моҳият касб этайин, бутун вужудим Илоҳ маърифатига айлансин. Шунда одамлар менинг суратимда Худони кўрсинлар.

Зоту сифот, аршу курси, лавҳу қалам – ҳаммаси Инсондадир.

Шунинг учун Худо излаб ҳар қаёқларга боришнинг ҳожати йўқ, жумладан, Маккатуллоҳга боришнинг ҳам. Чунки ҳар бир инсон Худони ўзидан изласин. Унинг қудрати ва шавкатини ўзида кўрсин. Мазкур ақида «Кимки ўзини таниса Раббини танийди» деган ҳадис мазмунидан келиб чиқади. Барча ҳикматлар, ҳодисот ва мўъжизалар инсон хилқатида жойлашган. Зеро, Оллоҳ таолонинг сўзи бор: «Мен яширин хазина эдим ва сизни севиб қолдим, токи Мени билиб олинглар ва жинлар, одамларни яратдим, токи Мени билинглар». Инсон махлуқотнинг, оламларнинг гултожи, Олоҳнинг ердаги халифаси экан, демак, унда Оллоҳ сифатлари бўлиши мантиқий ҳол. Бундан ташқари, «яширин хазина» бўлган Оллоҳ таоло илму ҳикматнинг бир қисмини инсон қалбига жойлаган. Яъни инсон «яширин хазина»ни сақловчи хазинадордир. Шу боис инсон кўнгли «ирфон махзани». Оллоҳ яширинган тилсимотдир:

Кўнгилин они махзани ирфон қилиб,
Ул тилисм ичра ўзин пинҳон қилиб.
Рози махфий ганж ўлуб бу турфа жисм,
Сунъидин ул ганж ҳифзига тилисм.

 (Алишер Навоий)

Тасаввуф фалсафасига кўра, инсон қарама-қарши икки асосмодда ва руҳдан иборат. Шунинг учун унда шу икки асоснинг хусусиятлари жамдир. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агар руҳ томони устун келса, илоҳийлик ривожланади. Руҳ жисм қулига айланиб қолмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун бир асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилсин. Руҳлари тараққий этган инсонлар ақлу заковати, илҳом, ижодкорлиги, илоҳий табъу фаросати билан ажралиб турадилар. Руҳ тараққий этган сари у жисмга сиғмай қолади, коинот билан алоқа боғлаб, олам асроридан хабар бериб, мўъжизалар кўрсата бошлайди. Руҳ ва жисмдан иборат инсонни илоҳий олам билан жисм олами орасидаги чегара деб атайдилар ва тонгга ўхшатадилар. Чунки тонг тун билан куннинг чегарасидир. Тонгдан кейин қоронғулик кетиб, қуёш порлаб чиққандай, инсон руҳи ҳам аста-секин жисм қоронғилиги – зулматини тарк этиб, мусаффо руҳ олами, нурлар оламига талпинмоғи даркор.

Previous articleМуҳаммад Ибн Мусо Ал Хоразмий
Next articleТасаввуф онтологияси ва гносеологияси