Тарих ва таъриф (тасаввуф)

0

Тасаввуф Шарқ маънавияти тарихида муҳим ўрин эгаллаб келган тадрижий тараққиётга эга бир таълимот бўлиб, ислом оламида VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Дастлаб у зоҳидлик ҳаракати кўринишида куртак ёяди. Гап шундаки, ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин мусулмонлар жамоаси ичида бўлиниш юз беради, айниқса, халифа Усмон разйаллоҳу анҳу замонларида бойликка ружу қўйиш, қимматбаҳо туҳфалар билан қариндошуруғлар, яқин дўст-биродарларни сийлаш расм бўлади. Уммавия халифалиги даврига келиб эса, сарой ҳашамлари, дабдабали безаклар, олтин-кумушга берилиш, хазина тўплаш авж олди. Яъни диний машғулотлар, Худо йўлидаги тоат-ибодат ўрнини дунёвий ишлар, дунё молига муҳаббат эгаллай бошлади. Бу ҳол диний амрларни адо этишни ҳар қандай дунёвий ишлар, бойликлардан устун қўйган эътиқодли кишиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар орасида ҳадис тўпловчи муҳаддислар, илгаридан қашшоқ бўлиб, уй-жой, мол-мулкка эътибор қилмаган саҳобалар ҳам бор эди. Буларнинг бир қисми динни ҳимоя қилиб, очиқ курашга отланган бўлсалар, иккинчи қисми эса, қаноат ва зуҳдни («зуҳд» сўзидан «зоҳид» сўзи келиб чиққан) асосий мақсад қилиб олиб, сарой аҳли ва сарватдорлар, бойлар ахлоқига қарши норозилик белгиси сифатида таркидунёчилик ғоясини тарғиб этиб, ижтимоий фаолиятдан бутунлай четлашганлар, сурункали тоат-ибодат билан шуғулланганлар.

Куфа, Бағдод, Басра шаҳарларида таркидунё қилган зоҳидлар кўп эди, айтиш керакки, уларнинг обрў-эътибори ҳам халқ орасида катта бўлган. Чунончи, Увайс Қараний (VII аср), Ҳасан Басрий (642–728) каби йирик сўфийлар аслида зоҳид кишилар эдилар, шунинг учун бу зотларнинг номи шайхлар ва сўфийлар ҳақидаги тазкираларда зоҳид сифатида тилга олинади, баъзи муаллифлар эса уларни сўфийлар қаторига қўшмаганлар ҳам.

Бунинг боиси шуки, зоҳидлар узлат ва тақвони пеша этган бўлишларига қарамай, ишқ ва ирфон (илоҳий маърифат)дан бехабар кишилар эдилар. Улар фалсафий мушоҳадакорлик, ажзу иродат билан маънавий-ахлоқий камолот сари интилиш, валилик, каромат-мўъжизалар кўрсатиш каби хислатларга эга эмасдилар. Зоҳидларнинг нияти ибодат билан охират мағфиратини қозониш, Қуръони Каримда ваъда қилинган жаннатнинг ҳузурҳаловатига етишиш эди. Сўфийлар назарида эса жаннат умидида тоат-ибодат қилиш ҳам тамаънинг бир кўринишидир. Ҳолбуки, сўфий учун на дунёдан ва на охиратдан тамаъ бўлмаслиги керак. Ягона истак бу – Худонинг дийдоридир, холос.

Машҳур сўфий аёл Робия Адвия (714–801) Аллоҳга муножотларида нола қилиб айтар экан: «Эй Парвардигорим, эй Ёри азиз, агар жаннатинг тамаъида тоат қиладиган бўлсам, жаннатингдан бенасиб эт, агар дўзахингдан қўрқиб ибодат қиладиган бўлсам, мени дўзах ўтида куйдир – минг-минг розиман! Аммо агар Сенинг жамолингни деб тунларни бедор ўтказар эканман, ёлвораман, мени жамолингдан маҳрум этма!»

Аллоҳ таолога қуруқ, кўр-кўрона мутеъликнинг ҳожати йўқ. Худо ғазабидан қўрқибгина амри маъруфни бажариш садоқат белгиси эмас, балки риёдир. Шунинг учун сўфийлар: Аллоҳни жон-дилдан севиш, Унинг зоти ва сифатларини таниш ва билиш, кўнгилни нафсу ҳирс ғуборидан поклаб, ботиний мусаффо бир ҳолатда Илоҳ васлига етишиш ва бундан лаззатланиш ғоясини кенг тарғиб қилдилар. Инсон руҳи илоҳийдир ва, демак, асосий мақсад – илоҳий оламга бориб қўшилмоқдир, дедилар.

Шу тариқа, дунёдан кўнгил узган, аммо зоҳидларга ўхшамайдиган, «бир назар билан тупроқни кимё этадиган» (Ҳофиз Шерозий) зеҳну заковат, ақлу фаросатда тенгсиз, аммо ўзга мутафаккирлар, файласуфлардан ажралиб турадиган, шариат илмини сув қилиб ичган, тоату ибодатда мустаҳкам, лекин оддий диндорлардан фарқланадиган ажойиб хислатли одамлар тоифаси пайдо бўлган эдики, уларни руҳ кишилари деб атардилар. Бундай одамларнинг феъл-атвори, юриш-туриши, хориқулодда (одатдан ташқари) сўзлари ва ишлари атрофдагиларни ҳайратга солар, баъзиларининг ғайбдан башорат берувчи камроматлари, сирли мўъжизалари ақлларни лол қолдирарди. Уларни аҳлуллоҳ, авлиё, аҳли ҳол, аҳли ботин, арбоби тариқат, дарвеш, қаландар, фақир деган номлар билан тилга олардилар. Аммо бу тоифага нисбатан кўпроқ «сўфий» номи қўлланилган, чунки ушбу сўзнинг маъноси анча кенг бўлиб, бошқа тушунча ва атамаларни ўз ичига сиғдирарди.

Хўш, «сўфий» сўзи қаердан пайдо бўлган? Бу ҳақда бир неча хил қарашлар бор. Баъзилар бу сўз «саф» сўзидан келиб чиққан дейдилар, чунки сўфий Илоҳ йўлига кирганларнинг биринчи сафида турувчидир. Баъзи олимлар уни «суффа» сўзидан ҳосил бўлган деб айтадилар: асҳоби суффа ҳазрати Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларидаёқ тарки дунё қилган тақво-дор кишилар бўлиб, сўфийлар шуларга тақлид қиладилар, деб тушунтирадилар. Яна бир гуруҳ олимлар сўфий сўзи «сафо» сў-зидан келиб чиққан, чунки бу тоифанинг қалби сидқу сафо офтобидай порлаб туради, деганлар. Яна баъзилар сўфий «суфуҳ» сўзидан ясалган, суфуҳ – бирор бир нарсанинг хулосасидир, бу жамоа халқнинг хулосаси бўлганлиги сабабли уларни сўфий деганлар, деб ёзадилар. Сўфий сўзи «соф» сўзидан чиққан дегувчилар ҳам бор. Абу Райҳон Беруний бўлса «суф», яъни файласуф сўзининг охирги қисмидан ясалган деб кўрсатади. Аммо кўпчилик сўфий сўзи арабча «сўф» сўзидан ҳосил бўлган, деган фикрни билдирадилар. «Сўф» сўзининг луғавий маъноси жун ва жундан тўқилган матодир. Сўфийлар кўп ҳолларда жун чакмон ёки қўй терисидан тикилган пўстин кийиб юришни одат қилганлари учун уларни жун кийимлилар (форсчаси пашминапўш), яъни сўфий деб юритганлар. Бизнингча, шу кейинги эътимологик маъно ҳақиқатга яқинроқдир, зеро, сўфий сўзининг «сўф» сўзидан ясалиши араб тили қонунқоидаларига мос келади.

Агар «сўф» сўзидан сўфий ясалган бўлса, ўз навбатида, «сўфий»дан, «тасаввуф», «мустасуф», «мутассуф», «мутасаввуф» сўзлари ҳосил бўлган. Мустасуф ўзини сўфийларга ўхшатиб, тақлид қилиб юрадиган, аммо асл мақсади амал-мансаб, молу мулкка интилишдан иборат бўлган кишиларга нисбатан ишлатилган сўз бўлса, мутассуф тариқат ва ҳақиқатда муайян манзилларни эгаллаган, бироқ сўфий даражасига кўтарила олмаган кишилардир. Қалбан сўфиёна ғояларга мойил, тасаввуфни эътиқод – маслак қилиб олган, лекин тариқат амалиётини ўтамаган, расман сўфий бўлмаган одамлар эса мутасаввуф бўлиб ҳисобланганлар. Сўфийларнинг ўзини ҳам Ҳусайн Воиз Кошифий «Футувватномаи султоний» номли асарида уч гуруҳга ажратган: муоширлар, мутарасмлар, муҳаққиқлар. Муоширлар – тариқат аҳлининг мухлислари. Улар дарвешларга муҳаббат билан қарайдилар, дарвешлар суҳбатида иштирок этадилар, уларнинг хизматларини бажарадилар ва савобга ўзларини шерик деб биладилар. «Мутарасм» сўзининг маъноси расму русумга эргашувчи демак, аммо мутарасмлар дарвешларнинг одатларига зоҳиран тақлид қилсалар-да, ботинан ҳол талабгоридирлар ва шу тоифига ихлослари туфайли файздан баҳраманддирлар.

Муҳаққиқлар – Ҳаққа етганлар, уларни олий мартабали сўфийлар деб таърифлаш мумкин. Ҳақиқий авлиёлар, шайхи муршидлар шулар ичидан етишиб чиққан. Бу ўринда муҳаққиқ сўфийларнинг нажиб сифатлари хусусида тўхтаб ўтиш жоиз деб ҳисоблаймиз.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, чин сўфий ўзликдан ва фоний дунёлан кечган ва Ҳақ бақосида ўзлигини қайта топган зот бўлиб, суратда бандаю, маънида озод кишидир. Сурат – ташқи кўринишда банда бўлиш – жисм-танани Илоҳ тоатига бағишлаш бўлса, маънида озодлик-ботинни барча алоқалардан тозалаб, руҳни ҳур ва пок сақлаш демак. Сўфийга ҳеч бир нарса ва ҳеч бир киши қарам бўлмаслиги; унинг ўзи ҳам ҳеч бир нарсанинг ва ҳеч бир одамнинг қарами бўлмсалиги керак. Баҳоуддин Нақшбанд айтганларидай:

Ҳечи мо нею ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч-ҳечи мо ғам не,
Жанда бар пушту пушт-гўристон,
Рўзе ки мирем ҳеч мотам не.

Маъноси: Ҳеч нарсамиз бўлмаганлиги учун ҳеч камимиз йўқ, ўша «ҳеч», яъни нарса кетидан қувиб, ғам ҳам чекмаймиз. Эгнимизда – жанда, орқамизда – гўристон, биз вафот этган кун ҳеч бир мотамнинг кераги йўқ.

Сўфийнинг озодлиги деганда тасаввуф аҳли соликнинг башарий сифатлардан мутлақ қутулиши ва илоҳий фақр сифати бўлмиш пок руҳ кўринишида истиғно олами – Тангри таоло оламининг заруратлари бепоёнлигини куллан идрок этишини англаганлар. Сўфий яна «сирри соф, ақли етук, муҳаббат аҳлига дил боғлаган» (Кошифий) бўлиши, нафасидан бедардлар қалби бедор бўлмоғи керак. Сўфийлар руҳоният билан суҳбат қурадиган, кайҳону фалак асроридан мужда келтирадиган, фақрни ихтиёрий равишда бўйинга олиб, табиий ахлоқни тарк эта бориб, илоҳий ахлоқни касб этувчи, эзгулик йўлида жонини фидо қилувчидирлар, улар борлиқ ва йўқлик, замон ва макондан хориж, азалу абадни бирлаштирган мукаррам зотдирлар.

Бундай кароматли инсонларни халқ азиз-авлиё, қудсий нафасли кишилар сифатида алоҳида эъзозлаган. Бу зотлар атрофдагилар онги ва шуурига қаттиқ таъсир ўтказганлар ва маънавият султонлари бўлиб майдонга чиққанлар. Уларнинг сўзи ва ҳаракати, хислати ва ахлоқи ҳаммага ибрат қилиб кўрсатилган. Жаҳоннинг бутунлиги, ободонлик ва осойишталик Парвардигор файзини етказувчи шу табаррук зотларнинг дуоси, хайрли ишларига вобаста деб қаралган. Шу аснода авлиёанбиёнинг меросхўри – давомчиси деган ақида шаклланган. Яъни, гарчи Пайғамбари охирзамон Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Пайғамбар келмаса-да, аммо қутби киром валилар ҳар замонда пайдо бўлиб, халқни ислом ҳақиқатларига ҳидоят этадилар, тўғри йўлга бошлайдилар. Чунончи, улуғ шоир Хусрав Деҳлавий ўз пири Низомидин Авлиёни шундай кишилардан деб таъриф этади ва «Матлаъул анвор» достонида бундай ёзади:

Нури жаҳон аз қадами авлиёст,
Жони назар дар жасади тўтиёст.

(Кўзнинг равшанлиги тўтиё вужудида бўлганидай, жаҳоннинг нури авлиё қадамидандир).

Алишер Навоий ҳам Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдураҳмон Жомийни гарчи Хусрав Деҳлавий каби пайғамбар давомчиси деб атамаса-да, лекин уларни «муршиди офоқ», «кошифи асрори Илоҳ», барча ишлардан хабардор кароматли ва пок ниятли зотлар сифатида таъриф-тавсиф этади. Масалан, Баҳоуддин Нақшбанд:

Мулки жаҳон мазраи деҳқони ул,
Балки жаҳон мулки нигаҳбони ул.
Йўқ мамоликка нигаҳбон бўлиб,
Барча салотин уза султон бўлиб…
Ҳақ сўзин элга қилурда адо,
Тенг кўруниб олида шоҳу гадо.

(«Ҳайратул аброр»дан)

Бу фақат шоирларнинг ҳаяжонли таъриф-тавсифи эмас, албатта. Буни ўрта асрлар кишисининг тафаккур тарзи ва дунёқараши ифодаси деб билмоқ керак. Сўфий ва дарвешлар ҳақиқатан ҳам катта нуфуз ва обрўга эга эдилар. Муқтадир шайхларгина эмас, қаландарлар, эшонлар, мажзуб «девоналар», оддий дарвешларни ҳам одамлар ҳурмат қилганлар. Шунинг натижаси ўлароқ,, дарвешчилик ҳаракати кенг қулоч ёйган, хонақо удумлари шаклланиб, дарвешлар алоҳида бир тоифа – табақа сифатида жамиятда муҳим ўрин эгаллаган.

Бироқ бу бирданига юзага келган ҳаракат эмас, айтиб ўтганимиздай, тасаввуф ва дарвешлик ҳаракати узоқ тадрижий тарихга эга. Олимлар тасаввуф тарихини дастлаб икки даврга ажратадилар: биринчи – зоҳидлик даври, иккинчиси – орифлик ва ошиқлик даври. Сўфийларнинг ўзини ҳам ориф сўфийлар, зоҳид сўфийлар, ринд сўфийлар, фақир сўфийлар, файласуф сўфийларга ажратиш мумкин.

Зоҳидлик даври сўфийлари (чунончи: Иброҳим Адҳам, Ҳасан Басрий, Абуҳошим Куфий ва бошқалар) тақво ва парҳезкорликни бош мақсад деб билган бўлсалар, кейинги давр сўфийлари тафаккурий-шуурий ривожланиш – яъни дунёни ва Илоҳни билиш, танишни асосий мақсад деб ҳисоблаганлар. Биринчи даврни тасаввуфнинг ибтидоий даври («аввалги давр») сифатида тилга оладилар. Орифлик даври деб атаганимиз иккинчи давр ҳам (бу IX аср ўрталаридан бошланади) бир неча босқичларга эга. Чунончи, IX–X асрлар – хонақоҳларнинг пайдо бўлиши, тариқат русумларининг шаклланиш даври. XI–XII асрлар – тасаввуф мактаблари, силсилаларнинг таркиб топиш даври. Бунда Миср, Бағдод, Басра, Бухоро, Нишопур, Термиз, Балх шаҳарлари тасаввуф ва тариқат марказлари сифатида муҳим рол ўйнаган. Натижада Миср, Хуросон, Мовароуннаҳр, Ироқ ва Туркистон мактаблари шуҳрат топган.

XIII аср охири – XIV аср бошлари тасаввуф тарихида алоҳида бир маҳсулдор давридир. Бу даврга келиб, тасаввуф ҳам назарий-илмий нуқтаи назардан, ҳам амалий ҳаракатчилик нуқтаи назаридан ўзининг юксак чўққисига кўтарилган эди. Тасаввуф адабиётининг гуллаши ҳам шу даврга тўғри келади. Айниқса, Нажмиддин Кубро (1145–1221), Муҳйиддин Ибн Арабий (1165–1240), Яҳъё Суҳравардий (1155–1191) сингари мутафаккир шайхлар, Фаридиддин Аттор (ваф. 1220), Аҳмад Яссавий (ваф. 1166), Жалолиддин Румий (1207–1273) каби улуғ сўфий шоирлар тасаввуф илмининг доирасини кенгайтирдилар, уни фалсафа ва ҳикмат билан бойитдилар. Агар IX–XI асрларда тавҳид асосларини чуқурлаштиришга катта эътибор берилиб, тасаввуфнинг фано ва бақо каби тушунчалари, Ҳаққа восил бўлиш майли шиддат билан тарғиб қилинган бўлса, XIII аср ўрталаридан бошлаб, тафаккурий-аҳлий йўналиш етакчилик қила бошлади. Бу фалсафий оқим тасавуф тарихида «ваҳдатул вужуд» номи билан шуҳрат топди. Сўфийлар энди коинот тузилиши, одамларнинг ҳусусиятлари, олам ва одам муносабатлари, комил инсон англамлари билан бош қотирадиган бўлдилар. Натижада Ибн Арабий ва Жалолиддин Румий каби зотларнинг асарларида бутун бир фалсафий тизим ўз ифодасини топди, улар илоҳий кашфу каромат, руҳий-психологик ҳолатлар, ботиний латифликлар билан бирга, реал инсоний ҳаёт ҳақида ҳам кўп ажойиб фикрларни баён этдилар. Шундай қилиб, тасаввуф Шарқ фикрий тараққиётидаги кўп асрлик тажрибаларни ўз ичига қамраб олиб, уни ривжлантирди, дин ва фалсафа, ҳикмат ва ваҳдат, калом ва ҳадис илмларини бирлаштирди, илоҳий илмлар билан дунёвий илмларни ўзаро боғлашга ҳаракат қилди. Натижада тасаввуф Шарқ кишисининг тафаккур тарзи ва ахлоқ нормасини белгилайдиган ҳодисага айланиб қолди.

Тасаввуф тарихига назар ташлар эканмиз, ислом динидаги мазҳаблар, қарашлар хилма-хиллиги сўфийлар ҳаёти ва дунёқарашига ҳам инчунин таъсир этиб турганини кўрамиз. Хусусан, сунний ва шиа мазҳаблари орасидаги кураш сезиларли из қолдирган. Эрон олимлари, жумладан, «Тасаввуф истилоҳлари шарҳи» (Теҳрон, 1347 ҳижрий йили) номли қомус муаллиф Сайид Содиқ Гуҳарин тасаввуфнинг пайдо бўлиши ва қарор топишида шиа мазҳаби қарашларининг таъсири борлигини таъкидлайди. Бошқа бир қатор олимлар юнон фалсафаси, қадимги зардуштийлар, ҳинд фалсафий-асотирий қарашларининг ролини кўрсатадилар. Тасаввуф амалиёти ва фалсафасида бу булоқларнинг самарали таъсири бўлиши мумкин. Бу ерда бошқа нарсани таъкидламоқ керак: биринчидан, исломий тасаввуф ўзи ўзлаштирган жамики нарсаларини ислом руҳида қайта ишлаб, шариатга мувофиқлаштирган. Иккинчидан, биз айтмоқчи бўлган фикр шуки, шиа ва сунний мазҳаблари орасидаги кураш тасаввуф силсилаларининг йўналаишларини белгилаган. Чунончи, тайфурия, суҳравардия, ҳулулия, фирдавсия каби силсилалар кўпроқ шиачиликка мойил бўлсалар, яссавия, қодирия, нақшбандия сулуклари сунний мазҳабида мустаҳкам турган тариқатлар эди. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг асосий жидду жаҳди ҳам тасаввуф ва тариқатни сунний мазҳабига мослаштириш, уни шиачиликка хос жаҳру самоълардан тозалашдан иборат бўлган. Натижада нақшбандия сунний мазҳабли аҳоли орасида чуқур ёйилган.

Аммо Нажмиддин Кубро асослаган кубравия силсиласида шиа ва сунний мазҳабидаги кишилар бирга таълим олардилар. Чунки улуғ шайхнинг ўзлари мазҳаб ва маслакларга эътибор қилмаган. Нажмиддин Кубро вафотидан кейин эса шогирдларининг бир қисми сунний тариқатига (Сайфиддин Бохарзий каби), бир қисми эса шиа асосидаги тариқатларга (Саъдиддин Ҳамавий каби) қўшилиб кетганлар.

Шу каби Жалолиддин Румий номи билан боғлиқ бўлган мавлавия мазҳаби ҳам сунний йўналишдаги тариқат бўлса-да, лекин диний ва мазҳабий айирмалар уларда у қадар аҳамиятли бўлмаган. Бугина эмас, Румий умуман динларнинг ўзини ҳам бир-биридан устун қўймай, уларни Оллоҳ сари олиб борадиган турли йўллар деб қараган.

Тасаввуф тарихи ҳақида гапирар эканмиз, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанддан кейинги даврни ҳам баҳолашимиз лозим бўлади. XV–XVI асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда нақшбандия тўла тантана қилиб, гуллаган давр бўлди. Айниқса, Хожа Аҳрори Валининг амалий ва Маҳдуми Аъзам-Аҳмади Хожагоннинг илмий фаолиятлари туфайли нақшбандия мустаҳкамланди, нуфузи ошди ва Ҳиндистон, Арабистон ерларига етиб борди, Туркияга тарқалди.

Нақшбандиядан кейин тасаввуф тарихида бошқа силсила вужудга келган эмас. Эрон ва Ҳиндистонда айрим янги тариқатлар шаклланган, лекин улар шохобчалар бўлиб, тасаввуф учун янги назарий ва амалий йўналиш бермади. Умуман XV асрдан кейин тасаввуфнинг назарий-фалсафий жиҳати сўна бошлади. Маҳдуми Аъзам рисолалари нақшбандия ақидаларини шарҳлаш ва чуқурлаштиришдан иборатдир. Ҳиндистонда бир қадар тафаккурий силжиш бўлган. Жумладан, «ваҳдатуш шуҳуд», «ваҳдати мавжуд» оқимларини янги фалсафий оқимлар деб қараш мумкин. Мирзо Бедил ижодига бу қарашларнинг таъсири бор. Яъни унда барча илмларни инсон шахси билан боғлаш, инсон ва унинг руҳини тадқиқ этишга уриниши бўлган. Бироқ, барибир XV асрдан кейинги даврда илгари тўпланган тажрибани ўзлаштириш, шарҳу тафсир қилиш ва тарғиб этиш билан шуғулланилди. Шунинг учун энг тоза ва журъатли фикрларни биз IX–XIII асрларда яшаган сўфийларда учратамиз. Тасаввуфнинг классик даври ҳам шу даврдир.

Тасаввуф ғояларининг сарчашмалари устида баҳс бўлганидай, биринчи сўфийлар ким эди, деган саволга ҳам турли хил жавоблар мавжуд. Ҳусайн Воиз Кошифий «Футувватномаи султоний» асарида («Мерос» нашриёти, 1994) келтириладиким, биринчи сўфий Одам алайҳиссломнинг фарзандларидан бири Шиш деган киши эди. У оқ пўстин кийиб юргани учун шу номни олган. Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарида биринчи сўфий сифатида ҳазрати Пайғамбаримизнинг замондоши ва муҳиби Увайс Қараний тилга олинади. Лекин Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳотул унс» асарида биринчи марта эл орасида сўфий лақаби билан шуҳрат қозонган киши Абуҳошим Куфий эканлиги айтилган. Уни Абуҳошим Ас сўфий Ал Куфий ҳам дейдилар. Жомийнинг ёзишича, Абуҳошим Сўфёни Саврий деган бошқа бир атоқли дарвеш билан замондош бўлган экан. Сўфёни Саврий ҳижрий 191 (милодий 807) йилда оламдан ўт-ган. Абуҳошим эса Гуҳариннинг маълумотига қараганда, 788 йилда вафот этган («Шарҳи истилоҳоти тасаввуф», I жилд. Муқаддима, 55-бет). Сўфёни Саврий дейди: «Мен Абуҳошимни кўрганимга қадар сўфий нима эканини билмас эдим ва унгача ҳам зуҳд ва муомала ва вараъда, таваккул тариқи ва муҳаббат тариқида собит бузургворлар бор эдилар, лекин аввал кишиким уни сўфий деб атадилар ул эди ва унгача бирор кишини бу ном билан атамаган эдилар» («Нафаҳотул унс», Тошканд, 1913, 27-бет). «Абуҳошим насроний роҳиблар каби узун жун кийим кийиб юрар ва ҳамиша тақво билан кун ўтказарди» (Гуҳарин, кўрсатилган асар, 53-бет). Сайид Содиқ Гуҳарин бундан ташқари Жобир бин Ҳаён (822 йилда фавот этган) ва Абдак Сўфий (821 йилда вафот этган)ларни ҳам дастлабки сўфийлар сифатида тилга олади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, тасаввуф аҳли Чор ёри узом ва Расулуллоҳнинг яқин саҳобаларидан Салмон Форсий ҳамда Имом Жаъфар Содиқни сўфийлик ва валийлик хислати кўринган улуғ инсонлар сифатида эҳтиром билан тилга оладилар. Мазкур зотлар инчунин жувонмардларнинг пирлари сифатида ҳам зикр этилади. Бежиз эмаски, кўп сўфийлар ўз шажараларини шу уч зоти шарафга ёхуд уларнинг бирови воситасида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб боғлайдилар. Чунончи, «Назмус силсила» асари муаллифи Васлий Самарқандий (XIX аср охири ХХ аср бошларида яшаб ижод этган) ургутлик Эшони Валихон силсиласини ёзар экан, ул кишининг сўфийлик нисбатини қуйидагича белгилаб чиқади: ҳазарти Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳуга, ул кишидан Салмон Форсийга, ул жанобдан Имом Жаъфари Қосим разийаллоҳу анҳуга, ул жанобдан Имом Жаъфар Содиқга, ул жанобдан Султон Абуязид Бистомийга, ул жанобдан Абулҳасан Харақонийга, ул жанобдан Хожа Али Формадийга, ул жанобдан Хожа Юсуф Ҳамадонийга, ул жанобдан Хожа Ориф Ревгарийга, ул жанобдан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга, ул жанобдан Хожа Али Рометанийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийга, ул жанобдан Сайид Амир Кулолга, ул Жанобдан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Алоуддин Атторга, ул жанобдан Яъқуби Чархийга, ул жанобдан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валига, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Зоҳидга, ул жанобдан Хожа Дарвешга, ул жанобдан Хожа Амкангийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Боқийбиллоҳга, ул жанобдан Хожа Аҳмад Форуқ – Имом Раббонийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Саидга, ул жанобдан Хожа Абдулаҳадга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Обидга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Мусохонга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Сиддиқга, ул жанобдан Мавлоно Ҳусайнга, ул жанобдан Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳимга, ул жанобдан ҳазрати Эшон Хожа Валихонга сўфийлик нисбати ўтиб келган. Демак, нақшбандия силсиласи Салмон Форсий ва Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳумалар орақли Пайғамбаримизга олиб бориб уланган.

Шу зайлда, тасаввуф тарихи ислом тарихи билан бирга ривожланиб, ислом маданияти ва маърифатига ўлкан ҳисса бўлиб қушилди. Агар дастлабки пайтларда Куфа, Басра ва Бағдод шаҳарларида саноқли даражада зоҳид суфийлар яшаган бўлса, бора-бора мусулмон оламида шайху машойихлар, сўфий дарвешлар, қаландарларнинг сони кўпайди, юқорида айтганимиздай бу ўзига хос бир ҳаракатга айланди. Биригина Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳотул унс минал ҳазаротул қудс» номли китобида 664 та шайху сўфийнинг номи зикр этилади. Бу XV асргача яшаб ўтган атоқли сўфийлар тазкираси, ваҳоланки улардан кўпларининг номи Жомий китобида зикр эитлмаган, Навоий уларнинг бир қисмини «Насойимул муҳаббат» асарига киритган. Шулардан юздан ортиқроғи Туронзаминда етишиб чиққан бузургворлар ҳисобланади. XV асрдан кейин ҳам яна қанча азизу авлиё яшаб ўтганлар.

Тасаввуф тарихи ҳақида қисқача нигоришимиз (обзор) ниҳоясига етар экан, яна бир нуқтани таъкидламоқчимиз: Тасаввуфда турли йўналишлар, яъни зоҳидона тасаввуф, орифона тасаввуф, ошиқона ва риндона тасаввуф оқимлари бўлгани каби сўфийлар ҳам турли қарашларга эга бўлган ҳар хил табиатли кишилар эдилар. Улар орасида зоҳидлар, мўътадил орифлар, исёнкор ошиқлар, мажзуб девоналар, дарбадар қаландарлар, донишманд файласуфларни кўрамиз.

«Мавлоно Жалолиддин, унинг ҳаёти, фалсафаси, асарлари» номли китоб муаллифи, туркиялик олим Абдулбоқий Гўпёнарли сўфийларнинг саккиз тоифасини ажратиб кўрсатади. Чунончи:

  1. Ҳаёт ва дунё лаззатларига қаттиқ боғланган сўфийлар. Улар гуноҳу савоб, исён ва ахборни арзимас, ортиқча деб биладилар. Шаръий амрлар жамият интизоми учундир, бизга у тааллуқли эмас, биз завқу ҳол кишиларимиз, тақводан халосмиз деб ўйлайдилар.
  2. Коинотни Парвардигор зоти олами тажаллисининг сурати деб биладиган сўфийлар. Улар дунёни нақш ва ранглардан деб билиб, бутун оламни эса Парвардигорнинг зотидан иборат деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, Мутлақ Илоҳ дунё суратида тажаллий этибдур ва моҳият Унинг ўзидир. Ошиқ ва Маъшуқ ҳам Удир, демак, ҳақиқий қибла ҳам Унинг Ўзидир.
  3. Ҳамма нарсани Мутлоқ Илоҳ тажаллиси деб билиб, Исога ўхшаб фикр юритадиган ва ўнг юзингга шапатиласалар, чап юзингни ҳам тут, деган ақидани олға сурадиганлар. Улар зулмга эътироз билдирмайдилар, аммо мазлумларга иложи борича илтифот кўрсатадилар. Улар учун дунё ва унинг ишлари маънисиз, арзимас, инсон бурчини Илоҳни танишдан иборат деб биладилар. 4. Фалсафани, ақлни рад этувчи сўфийлар. Улар хаёл оламига ғарқ бўлиб, лоҳут оламидан сўз айтадилар, ўтмишдан ва келажакдан каромат қиладилар. «Ер юзидан хабарлари йўқ, аммо осмонни қадамлаб кезиб чиққандай гапирадилар. Оёқлари остидаги қудуқни билмайдилар, лекин сайёралар сайрию самовий ажойиботлардан сўзлайдилар» (Гўпёнарли, ўша китоб, 292-бет).
  4. Ўз тасарруфларида фалсафа ва ҳикматни рад этмоқчи бўлган, лекин аслида сўфиёна ақидаларни фалсафий мушоҳадалар билан синовдан ўтказган, омухта этган сўфийлар. Булар орада қолганликлари учун шариат аҳли томонидан ҳам, тариқат аҳли томонидан ҳам маломатга учраганлар.
  5. Тасаввуфнинг нозик ҳақиқатлари, фалсафа ва ҳикмат билан можароларини сезган ҳолда, аммо шариатдан кўнгил узолмайдиган сўфийлар. Улар тариқат одобини шариат аҳкомига сингдириб юборишга интиладилар ва тавҳид илмида мутаассиблар билан бир хил эътиқодда бўлишга уринадилар.
  6. Шундай сўфийлар ҳам бўлганки, ўзларини замон Пайғамбари, кўкдан тушган Маҳди деб эълон қилганлар. Замона охир бўлгани, охират ва дунё бирлашгани ҳақида хабар берадилар, ўзларини Оллоҳ зотининг ердаги кўриниши, Буюк адолат даврининг асосчиси деб таништирадилар. Бундай уринишлар тарихида қонли фожеалар билан тугаган.

Аросатда, зиддиятлар ичида қолган сўфийнамо кишилар ҳам бўлган. Улар на тоза мусулмон, на бутунлай ғайри иймондирлар. Дардлари ичларида, ёниб, қийналиб юрадилар. Бирор динга ёки мазҳабга боғланмайдилар. Аммо уларнинг ботиний олами ниҳоятда бой. Улар зоҳирларини беркитиб сир сақлаб юрадилар. Уларнинг аъмоли ва сўзларига диққат қилсангиз, зиддиятни кўрасиз. Барча ҳолларда Оллоҳга бандаликни бажо келтирадилар ва айни ҳолда сурату сийратлар, расму русумларни писанд қилмайдилар, ахлоқу илмлари билан барчадан устунликларини намоён этадилар, заковат ва қобилиятлари ҳайратланарлидир…

Previous articleFizik kattaliklar va ularni o‘lchash
Next articleТопишмоқлардан намуналар