Мақомот даражаларини бир-бир эгаллаб, муваффақиятга эришган солик ҳол мартабасига етади ва тасаввур-тахаййулда илоҳий жамолни мушоҳада қила бошлайди, қалбини завқу шавқ қамраб олади. У шундай бир ҳолатга кўтариладиким, бутун аъзолари гўё Оллоҳ дейдиган, ҳар нафаси Буюк Оллоҳнинг борлигидан хабар берадиган бўлади.
Аммо баъзиларининг фикрича, ҳол мартабаси мақомотдан келадиган руҳий хусусият бўлмасдан, балки мақомларни бирбир эгаллай бориш жараёнида юз беради. Бошқача айтганда, мақом қатъий амалий назорат босқичи, ажзу изтиробнинг чуқурлашиб, кучайиб боришини англатса, ҳол – руҳий тараққиётнинг натижа – ҳосиласини билдиради; соликда ўзга ҳолатнинг, ўзга руҳий кайфиятнинг юзланишидан хабар бериб туради. Ҳол (кўплиги аҳвол) – ўзига хос қисқа муддатли кайфият, қалбнинг порлаши, чақмоқ чақилгандай ярқираган чароғон нурни туйиш лаззати. У бир лаҳзада пайдо бўлиб, яна ғойиб бўлиши мумкин. Ҳол – илоҳий раҳмат ва баракатнинг нузул бўлиши, қуйилиб келишидир. Сайид Жаъфар Сажжодийнинг «Фарҳанги мусталаҳоти урафо» номли луғғатида ҳол тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «Ҳақ тарафидан соликнинг пок дилига нузул бўладиган ва унинг руҳини такомилга олиб борадиган файзнинг даражасини ҳол дейдилар. Ҳол бир лаҳзалик, ўткинчи ва доимий бўлиши мумкин. Доимий ҳол – ҳолнинг юксак даражасидир» (Теҳрон, 1941, 79-бет). Ҳол ўзи билан бирга қувонч, тараб, сурур, завқ ёки аксинча, маҳзунлик, ториқиш, соғинч, кайфиятини юзага келтиради. Яъни қисқа муддатли руҳланиш, порлаш қувонч ва сурурга сабаб бўлса, порлаш ўтиб кетгандан кейин маҳзунлик пайдо бўлади. Ҳолда орқага қайтиш йўқ, ўзгариш фақат олдинга қараб содир бўлади. Ҳолга кирган соликнинг тили эмас, дили сўзлай бошлайди, у кечинмалари, ҳолатини ҳаракат – ишоралар, феъл-атвор орқали изҳор этади. Ҳол руҳият билан боғлиқ бўлгани учун у тасаввуфда махсус илм – илми ҳол орқали ўрганилган. Тасаввуф аҳли орасида «илми қол» ва «илми ҳол» деган тушунчалар бўлган. «Илми қол» тил билан ифодаласа бўладиган илмлар, яъни зоҳирий илмлар, чунончи шариат илми ҳам шунга кирган. «Илми ҳол» эса инсондаги сўз билан тушунтириб бўлмайдиган ғаройиб руҳий кечинмалар, фавқулодда феъл-атвор, хислатларнинг намоён бўлишидир.
Худди мақомотнинг босқичлари бўлганидай, ҳолнинг ҳам тасниф-таърифга келтирилган босқичлари мавжуд. Чунончи:
- Қурб
- Муҳаббат
- Шавқ
- Унс
- Мужоҳида
- Мушоҳида
- Мукошифа
Қурб (яқинлик) – соликнинг ўзини Оллоҳ таолога яқинлашганини ҳис этиш ҳолати, Худонинг ҳузурини бевосита сезиш, Худо нигоҳининг тушишини ҳам англатади. Қурбни сўфийлар кўпинча Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож туни Оллоҳ ҳузурига етганлари билан қиёслайдилар.
Муҳаббат мақоми қалбда кучли туғённинг кўтарилиши, бетоқат ва безовта бўлиб, барча гўзалликлар манбаи, қудрату нусрат, неъмату роҳат эгаси Оллоҳ томон талпинишдир.
Шавқ – муҳаббатнинг зўрайиши.
Унс – (дўстлашув) эса кўникиш, Худо меҳрига, шафқатига одатланишни англатади.
Мужоҳида – нафсни маҳв этишга қатъий интилиш, танга машаққатни раво кўриб, маънавият учун жиҳод, яъни жангга кириш ва ғалаба қилиш демак. Мана шундай жидду жаҳд, шиддатли руҳий изтироблардан кейин солик Ҳақ жамолини мушоҳида эта бошлайди.
Мушоҳида (кўриш) эса ўз навбатида ғайб пардаларининг очилиб, илоҳий сирларнинг кашф этилишига йўл очади – мукошифа мартабаси ҳосил бўлади.
Албатта, бу мартаба – манзилларнинг кетма-кетлик тартибини шартли, деб билмоқ керак. Чунки бу ҳолатлар соликда навбатма-навбат юз бериши ҳам ёйинки бирданига бир неча хислат соҳибига айланиши ҳам мумкин. Тариқат мақомотлари билан ҳол мартабалари орасидаги алоқалар хусусида шу гапни айтиш мумкин. Воқеан, баъзи олимлар, жумладан, Е.Э.Бертельс хавф, ражо каби биз мақомот манзиллари сифатида кўрсатиб ўтган мақомларни ҳол мартабаси деб қайд этади. Умуман, бу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Яъни сўфийлик истеъдодини назарда тутиш керак. Чунки ҳар бир соҳада бўлганидай, сўфийликнинг ҳам ўзига хос истеъдоди бор. Буни тасаввуфда жазба деб юритганлар (баъзилар буни ишқ, жунун сўзлари билан ҳам ифодалаганлар).
Жазба – бу инсондаги алоҳида илоҳсеварлик майли, руҳий ва тафаккурий-шуурий бир таважжуҳдир. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанддан бу мартабага қандай қилиб эришдингиз, деб сўраганларида, ул зот мана бу арабча жумла билан жавоб берган эканлар: «Жазбатун мин жазаботил ҳаққи ювазил амалис сақлатайни», яъни: «Одамзот ва жин-парининг амали учун Ҳақнинг жазбалари – тортишларидан бир тортиш кифоя».
Демак, жазба – тортиш, Ҳақнинг бандаларига ва бандаларнинг Ҳаққа интилиши, иродани Илоҳга боғлайдиган дард. У кўнгилни бетоқат этиб, фақру фано йўлига етаклайверади. Жазба қанча кучли бўлса, солик шунча тез тариқат одобини ўзлаштириб, қалб кўзи очилади, ҳолга киради.
Мақомот хусусида гап кетганда, шуни ҳам таъкидламоқчимизки, айрим назариётчилар мақомлар билан ҳол мартабаларини қўшиб, тилга оладилар, яъни тариқатни «мақомот» ва «ҳол» деб икки қисмга бўлмасдан, иккаласини бирга олиб қараганлар. Чунончи, «Пири Ҳирот» лақабини олган атоқли шайх Абдуллоҳ Ансорий «Манозил ус-соирин» («Сайр этувчиларнинг манзиллари») номли китобида ёзадики, «Ҳақ йўлига кирган соликлар турфа ҳолатларда бўладилар ва ҳар бир ҳолатнинг ўз сайри, бу сайрнинг бошланиш (ибтидо) жараёни ва (интиҳоси) бўлади». Муаллиф бу ҳолатларни «абвоб», яъни «эшиклар» деб атайди, чунки ҳар бир ҳолатнинг кирадиган эшиги бўлиши муқаррар, эшикдан кирган одам эса ўз ҳолига мувофиқ муомаламуносабат, феълу атвор кўрсатади. Шундай қилиб, тариқат манзиллари Абдуллоҳ Ансорий наздида ўнта ҳолатдан иборат бўлиб, улар қуйидагича номланади:
- Ибтидо (бошланиш)
- Боб (эшик)
- Муомала
- Ҳамида (мақталган) ахлоқ
- Усул
- Авдия (водийлар).
- Аҳвол.
- Валоят (валилик).
- Ҳақойиқ (ҳақиқатлар).
- Интиҳо (якун) ёки васл.
Маълум бўладики, Ансорийнинг «манозил»ларида руҳ диалектикаси чуқурроқ такс этган; мақомларга нисбатан бунда тадрижий тараққиёт, жараён, турли жиҳатларнинг ўзаро воситалиги кучлироқ. Воқеан, мақом – бекат, яъни йўлдаги тўхталиш бўлса, манзил сайру томоша қиладиган жой ҳам, руҳнинг ҳордиғи, ўзини англаши ва яна олға интилишига имкон бор. Шайхи кабир Ибн Арабийнинг «Футуҳоти Маккия» асарида ҳам мақом ва манзил, шу каби «тариқат работлари» бирга олиб қаралади. Ибн Арабий кўрсатишича, тариқатда 19 та мақом, 360 та манзил ва работ (карвонсарой) бор. Манзиллар жумласига иймон, ишонч, сабр, тоат, шукр киради. Унингча, илми ҳолнинг ҳам даражалари бор, чунончи:
- Оллоҳ йўлидан бормоқ.
- Оллоҳ назарида бўлмоқ.
- Оллоҳга воситачи бўлмоқ.
- Оллоҳ хизматида бўлмоқ.
- Оллоҳга ёр бўлмоқ.
- Оллоҳ учун яшамоқ.
- Оллоҳга жон фидо қилмоқ.
Соликнинг руҳий-маънавий камолотини «сайр» ёки «сафар» сўзлари билан тушунтирганлар. Сайр ва сафар тўғри маънода ҳам қўлланилган. Чунки сафар қилиш ажзу риёзат турларидан бири ҳисобланган. Кўп сўфийлар мусулмон мамлакатларини пиёда кезиб чиққанлар, атоқли шайхларнинг суҳбатига етишганлар. Айниқса, пиёда ҳаж сафарига бориш сўфий учун катта шараф деб қаралган. Лекин тариқат сафари деганда аксари руҳий сафар тушунилади. Сафар – кўнгилнинг Ҳақ сари таважжуҳи, бу тўрт хил бўлади:
- Сайр иллаллоҳ (Оллоҳ томонга сайр). Бу нафс манзилларидан равшан уфқларга етгунча бўлиб, қалб мақомидир ва илоҳий исмлар тажаллиётининг чиқадиган жойидир.
- Сайр филлоҳ (Оллоҳ оламида сайр). Унинг сифатлари билан сифатланиш ва исмларига етишиш орқали олий даражаларни топиш, руҳ мақоми ва Воҳидият ҳузурининг ниҳоятини таниш.
- Жамъ маркази ва Аҳадият ҳузурига тараққий этиб бориш. Бу «қоба қавсайн» мақомидир. Иккилик бартараф бўлгач эса, «ав адно» мақомига эришилади.
«Қоба қавсайн» (икки қош ораси) ва «авадно» (пастга ҳам қарамади) Пайғамбар меърожига ишора этувчи сўзлардир. Пайғамбар юзни фақат Аллоҳ сари буриб, унга яқинлашганлар.
«Қоба қавсайн» мақоми Илоҳга яқинлашиш (қурб) мақомидир.
- Сайр биллоҳ аналлоҳ (Оллоҳдан яна ўзига қайтиш).
Жамъдан кейинги фарқ ёки фанодан сўнг келадиган бақо мақоми шудир. Сайр ва сафар тушунчаларини соддароқ қилиб изоҳлайдиган бўлсак, қуйидаги маъно ҳосил бўлади: биринчи сафар – касрат (дунё) пардаларининг ваҳдат (Илоҳ) юзидан кўтарилиши; иккинчи сафар – ваҳдат пардасини касрат вужудидан кетказиш ва ботин орасидаги қайдларни бартараф этиш, айнан дунёнинг ўзида Уни кўриш; учинчи сафар – зоҳир (жузъ)дан жамъ сари тараққий этиш ва тўртинчи сафар – ҳақдан яна халққа қайтишдир. Ҳақдан халққа қайтиш деганда сўфийлар ораисда: «расти-расиди» («узилдинг-етдинг») деган ибора бор. Бунинг маъноси халқдан узилсанг – Ҳаққа етасан, демакдир.
Аммо бу ибтидодаги ният, бунга эришгандан кейин эса, энди сўфий халққа Ҳақ номидан гапира олиши мумкин бўлади, шу боис халққа қайтиш яна дунё машғулотига қайтиш эмас, балки дунёга Оллоҳ нурини таратишдир.