Тариқат (фалсафа) (тарикат)

0

IX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий, руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш табдир-усуллари шаклланди. ТАРИҚАТ, МАЪРИФАТ, ҲАҚИҚАТ деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуи тузилди – тасаввуф алоҳида илм сифатида қарор топди. Сўфийлар дастлабки пайтлар тасаввуфни нуқул сиру асрор, тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар («иборага келмайдиган ишоратлар») деб ҳисоблаган бўлсалар, бора-бора бу ҳолатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилина бошланди, сўфийни тарбиялаш вазифаси, пир-муридлик қоидалари, одобини яратиш зарурати туғилди. Натижада, тариқат ва шариат орасидаги муносабатлар, олам, одам ва Худо орасидаги алоқа-муомала моҳияти, тавҳид – ваҳдат масалалари мунозаларга сабаб бўлди. Дин арбоблари билан сўфий шайхлари, айниқса фалсафийлашган тасаввуф тарафдорлари жиддий мафкуравий тортишувларгача бордилар. Тасаввуф бутун Ислом оламини забт этиб, барча қадимий шаҳарларда хонақоҳлар қурилди, йўлларда работлар, азиз-авлиёларнинг мазоротида шайхлар маскан тутиб, кўплаб шоигрдларни тарбияга олдилар.

Тасаввуфнинг илк даврида мақомот ва тариқат асосларини ишлаб чиқиш, сўфийлик йўриқларини белгилаш ва илоҳий ҳақиқатларни эл орасига ёйишда Абуали ал Ҳорис Муҳосибий (781–857), Зуннун Мисрий (796–861), Абуязид Бистомий (вафоти 875), Жунайд Бағдодий (вафоти 910), Ҳаким Термизий (вафоти IX аср охири) ва Мансур Ҳаллож (858–922)ларнинг хизмати катта бўлган. Кейинчалик Абусаид Абулхайр (967– 1049), Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089), Аҳмад Яссавий (вафоти 1166) Яҳё Суҳраввардий (1155–1191), Ибн Арабий (1165–1240), Нажмиддин Кубро (1145–1221), Баҳуоддин Нақшбанд (1318– 1389) каби шайхул машойихлар тасаввуф илмини янги фикрлар, қарашлар билан бойитдилар, янги оқим, силсилаларини вужудга келтирдилар. Тасаввуф ҳақида бир қанча рисола ва китоблар ёзилди, тасаввуф ғояларини қизғин тарғиб этувчи улкан шеърият вужудга келди. Тасаввуфга оид назарий китоб ва қўлланмалардан Абунаср Саррож (вафоти 988 йил)нинг «Китобал лумаъ», Ал Калабодий (вафоти 990 йил)нинг «Китобат таъарруф», Абу Толиб Маккий (вафоти 998 йил)нинг «Қутал қулуб», Абдураҳмон Суламий (вафоти 1021 йил)нинг «Рисолатал маломатия», Қушарий (вафоти 1072 йил)нинг «Рисола фит тасаввуф», Ал Ҳужвирий (вафоти 1076)нинг «Кашфал маҳжуб», Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозил ас соирин», Фаридиддин Аттор (1119–1222)нинг «Тазкиратул авлиё» номли асарларини кўрсатиш мумкин. Булардан ташқари, Румий, Ҳофиз Шерозий, Маҳмуд Шабистарий асарларига ёзилган шарҳлар ҳам сўфиёна ишора ва тамсилларни англашда муҳим рол ўйнаган.

Тасаввуфга оид илмий китоблар ва дастурларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. «Тариқат» сўзининг маъноси йўл демак. Яъни илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар. Дарҳақиқат ҳам шундай, чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик (яъни тариқатга қадам қўйган йўловчи) бажариши керак бўлган барча йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тариқат ичига киради. Тариқат ва унинг мақомотлари, маълумотларга қараганда, биринчи марта Зуннун Мисрий томонидан баён этилган экан. Абдуллоҳ Ансорий ёзадиким, Зуннун Мисрийни фақат «каромат билан ситойиш» қилиш кифоя эмас, чунки унинг «илгида мақом ва ҳол сухра эрди» (Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асаридан олинди). Яъни мақом ва ҳол илми Зуннун қўлида ўйинчоқдай гап эди, дейди Ансорий. Навоий ёзади: «Ул кишиким ишоратни иборатқа келтурди ва бу тариқдин сўз айтди ул эрди».

Демак, Зуннун биринчилардан бўлиб, сўфиёна ҳолатлар, кароматларни сўз билан ифодалаган. Зуннуннинг ўзи ҳикоя қилиб дейдики, уч сафар қилдим ва уч илм келтирдим: аввалги сафарда бир илм келтирдим, хос ҳам, авом ҳам қабул қилдилар, иккинчи сафарда яна бир илм келтирдим, хос қабул қилди, аммо авом қабул қилмади, учинчи сафарда яна бир илм ҳосил қилдим, на хос қабул қилди ва на авом (Тасаввуф аҳли хос деганда илми ҳолдан хабардор сўфийларни, авом деганда эса, тасаввуфга ошно бўлмаган кишиларни назарда тутганлар). Зуннун айтган биринчи илм шариат илмидир, чунки шариат хосга ҳам авомга ҳам бирдай тегишли. Иккинчи илм – тариқат ёхуд муомалат ва муҳаббат илми, учинчиси эса – ҳақиқат, яъни Илоҳ ҳақидаги илмдир.

Агар Зуннун тасаввуфдан биринчи бўлиб «сўз айтган» бўлса,

Жунайд Бағдодий «бу илмга тартиб бериб, баст қилиб (жамлаб), кутуб битиди» («Насойимул муҳаббат»). Сўнгра Жунайднинг кичик замондоши Шайх Абубакр Шиблий бу илмни минбар устига олиб чиқиб, элга ошкор қилди. Биринчи бўлиб муридларга раҳнамолик қилган ҳам юқорида номлари тилга олинган шайхлар бўлган.

Мурид-мурод, яъни мақсадга интилувчи одам; мурод эса – Аллоҳ таолонинг васли. Муриднинг асосий хислати ниёзмандлик, яъни талабгор бўлиш, муршиди комилнинг этагини тутиб, айтганларига сўзсиз риоя қилишдир. Пирсиз солик манзилга етолмайди. Чунки одам ўзини назорат қилиши қийин, токи биров раҳнамолик қилиб, йўл кўрсатмаса, мушкули осон бўлмайди (буни Алишер Навоий «Лисонут тайр» достонида Ҳудҳуд ва талабгор қушлар мисолида яхши кўрсатиб берган). Ҳатто энг яхши ниятлар ҳам агар раҳнамо бўлмаса, самара бермай, қалбдаги завқу шавқ нотўғри йўлда сарф бўлиши, муҳаббат исёнга айланиши ҳеч гап эмас.

Шуни эътиборга олиб, тариқатда пирга қўл бериб, иродаихтиёрни унга топширганлар. Шу маънода тариқатни иродат ҳам дейдилар. Яъни иродани шайх иродасига мувофиқлаштириш, шайх иродасини ўз иродаси деб билиш.

Иккинчи тарафдан, бу муриднинг иродаси, мардлиги ҳимматини синашни ҳам билдиради (мурид, мурод, ирода сўзлари ўзакдош), зеро дунёдан кечиб, Илоҳ йўлига ўзини бағишлаш улуғ мардликлир. Муридга раҳбарлик қилувчи пирнинг ўзи ажзу изтироб йўли – тариқат мақомларини эсон-омон босиб ўтган, қалби Илоҳ маърифатига лимолим ориф инсон бўлиши керак. Пир ҳамма жиҳатдан муридга ўрнак бўлмоғи даркор: ҳам билимнинг чуқурлиги, ҳам тариқат усулларини яхши билиши, ҳам кўнгилнинг поклиги, нафсини маҳв этганлиги ва ҳоказолар билан ажралиб туриши, салобати, сўзи ва ҳаракати билан, суҳбати ва назари билан, тадбири ва ҳимояси билан муридга таъсир ўтказмоғи лозим.

«Агар шайхлик рукнлари нечта, деб сўрасалар, еттита деб айтгил, деб уқтиради Кошифий «Футувватномаи султоний» асариди. – Биринчидан, шайх комил маърифат эгаси бўлсин. Иккинчидан, ўткир фаросатли, одамшунос киши бўлиб, бир нигоҳ ташлаш билан муриднинг қобилиятини илғай олсин. Учинчидан, етук руҳий-маънавий қуввати бўлсин, токи агар мурид тариқат йўлидан адашса, унга маънавий мадад бериб, мушкулини осон қилолсин, тўғри йўлга солсин, яъни нарсага муҳтожлиги бўлмасин. Бешинчидан, ихлоси мустаҳкам бўлиб, риё ва тамаъни тарк этсин, мол ва мансаб деб бировга сарғаймасин, эгилмасин. Олтинчидан, ростлик ва беғараз дўстликни шиор қилсин – ҳақ сўзини ҳар ерда, ҳар қандай шароитда айта олсин, гапирганда иккинюзламачилик қилмасин. Еттинчидан, қалбида шафқат нури порлаб турсин, мурид манфаатини ва умум манфаатини ўз манфаатидан устун қўйсин» (24-бет).

Пир муриднинг шодлигини ҳам, ғамини ҳам баҳам кўрган, уни насиҳат, танбеҳ ва илҳомбахш сўзлар, ҳаркатлар билан руҳлантириб, қуйидан юқорига қараб тарбиялаб борган. Кошифий давом эттириб ёзади: «Агар ҳақиқат пирлари ким деб сўрасалар, бунинг аломатлари қуйидагилар деб жавоб бергил: тунларни бедор ўтказиш, ёмонлар билан ўтирмаслик, илм ўрганиш, ғийбат ва ёғондан сақланиш, одамлар хурсандчилигини исташ ва шу хислатларни ўз муридларига етказиш».

Бизнинг тарихимизда бундай мунаввар қалбли нажиб инсонлар кам бўлмаган. Улар ўз муридларини фарзандларидай яхши кўрганлар.

Пир ҳеч қачон мурид молига кўз олайтирмаслиги, бирон-бир йўсинда тамаъга ишора қилмаслиги, аксинча, мурид қошида бирор мушкул иш туғилганда дарров ёрдам бериши, мушкулни ҳал қилиши керак. Муриднинг мушкули фақат моддий қийинчилик эмас, соликлар буни ҳеч қачон эътиборга олмаганлар. Мушкул деганда тасаввуф аҳли маънавий муаммолар, юз берадиган ҳолатлар, туғилажак саволларни англайдилар. Пир ана шуларга жавоб топиб, муридларни қаноатлантириши шарт. Агар қаноатлантиришга кўзи етмаса, муридни бошқа ўзидан кучлироқ шайхга тавсия этади.

Шуни ҳам айтиш керакки, соликларнинг истеъдоди хилмахил бўлгандай, пирларнинг мураббийлик қобилияти ҳам турлича бўлган. Баъзи шайхлар муридга тариқат одобини ўргатганлар, яъни уни хоксорлик, таслим ва итоатга келтириш, манманлик, ҳирсу ҳаво каби туйғулардан халос этиш билан шуғулланганлар. Баъзи шайхлар муридга руҳий каромати, мўъжизалари билан таъсир этганлар. Яна бир қисми шайхлар шоигрдларига тасаввуф асосларини ўргатиш, назарий билимлар билан қуроллантиришга эътибор қилганлар.

Масалан, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг бир нечта пирлари бўлган. Навоийнинг ёзишича, Хожа Баҳоуддинга «қабул назари» Бобойи Самосийдандир. Яъни Бобойи Самосий ёш Муҳаммад Баҳоуддиннинг келажакда истеъдодли шайх бўлишини каромат қилган. Ривоят қилишларича, Баҳоуддин ҳали туғилмасдан, Бобойи Самосий унинг оиласи яшайдиган Қасри Ҳиндувон қўрғони олдидан ўтаётиб, «бу ерда бир эр туғилур», дея башорат этган экан ва Баҳоуддин туғилган куни яна шу қаср олдидан ўтиб, «ул эр туғилди» деб айтибдилар ва ичкарига кириб чақолоқни бағриларига босиб, нафас қилган эканлар. Навоий дейдиким, ҳазрати Баҳоуддинга суҳбат нисбати ва тариқат одоби таълими ва зикр талқини Бобойи Самосийдандир. Бобойи Самосий ёш Баҳоуддинни Амир Сайид Кулолга топширади. Амир Сайид Кулол тариқат одоби таълимини давом эттирган. Бироқ, ҳазрати Нақшбанд анча илгари вафот этган Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийни ва Қусам шайхни ҳам ўз пирлари қаторига қўшади. Нега? Чунки, Амир Сайид Кулол зоҳир юзасидан пир бўлсалар, «ҳақиқат юзидан» руҳий тарбиятни ҳазрати Баҳоуддин Абдухоллиқ Ғиждувонийдан олган. Бундай ғойибона руҳиймаънавий тарбия олишни тасаввуфда «увайсийлик» дейдилар. Сабаби Увайс Қараний ғойибона Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам руҳларидан мадад олганлар, бу шунга ишора.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд шундай қилиб, тариқатнинг амалий йўриқларини Бобойи Самосий, амир Сайид Кулолдан ўрганган бўлса, ботиний-маънавий таълимни Абдухолиқ Ғиждувонийдан қабул қилган. Шундай ҳолни бошқа шайхлар ҳаётида ҳам кузатиш мумкин. Ҳозир айтганлардан пир ва муридлик муомаласида қуйидаги уч нарсага диққат қилинганини кўрамиз: биринчиси – суҳбат таълими, иккинчиси – хирқа кийгизиш, учинчиси – зикр талқини.

   Шайх Саидиддин Фарғонийнинг айтишича,   хирқа (дарвешларнинг махсус кийими) икки хил бўлади:

1) иродат хирқаси ва 2) табаррук хирқа. Иродат хирқаси, яъни сулук хирқаси битта пирдан олинади. Иродат хирқаси – муайян шахс сулукига тааллуқлиликни билдиради. Табаррук хирқани эса кўп шайхлардан олиш мумкин экан. Шу каби бўрк, кулоҳ, кўйлаклар ҳам табаррук туҳфа сифатида қабул қилинган. Талқини зикр ҳам битта шайхдан олинади, аммо суҳбат таълимини киши истаган шайхдан олиши мумкин. Хирқа кийдириш ва зикр талқинининг ўзига хос маросимлари, талаблари бўлган. Булар ҳақида батафсил тўхталишга бу ўринда имконимиз йўқ.

Фақат шуни таъкидлаш зарурки, мурид тарбиясидан асосий мақсад ахлоқни поклаш, нафсни ўлдириш, одамдаги ўзига бино қўйиш, такаббур, худписандликни йўқ қилиш эди. Мурид пир қўлида руҳий-маънавий зиналардан кўтарилиб боради. Илоҳ сари муҳаббати ошиб, дунё муҳаббати аҳамиятсиз бўлиб бораверган.

Шу боис тариқатда мақомот ва ҳол тушунчалари муҳим ўрин тутади. «Мақомот» – мақом (манзил, бекат) сўзининг кўплиги бўлиб, соликнинг руҳий-маънавий камолоти босқичларини англатади. Абунаср Саррож тариқатнинг қуйидаги мақомларини қайд этган:

  1. Тавба.
  2. Вараъ.
  3. Зуҳд.
  4. Фақр.
  5. Сабр.
  6. Хавф.
  7. Ражо
  8. Таваккул.
  9. Ризо.

Тавба – қайтиш демак, яъни камолотга, олий ахлоқий сифатларга қайтиш. Тавбани бобул абвоб – эшикларнинг эшиги ҳам дейдилар, чунки тариқатга қадам қўйган одамнинг нияти ва моҳияти аввало шу тавбасида аёнлашади. Тавбанинг ҳақиқати шуки, солик Худога етишиш йўлига ғов бўладиган жамики нарсалардан қайтишга қасамёд этади, бутун интилиши, таважжуҳини Оллоҳга қаратади, аввалги ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечади. Тавба куфрдан, шариат манъ этган наҳйи ва ёмон ишлардан қайташ, замима ахлоқдан ҳамида ахлоққа қайтиш, Ҳақнинг ғайри бўлган нарсалардан қайтиш кабиларни ўз ичига олади. Тавбанинг моҳияти ўз нуқсонларини кўра билиш, ўзининг аҳволини англаш, қабиҳ ишлар, қабиҳ феъл ва қабиҳ фикрдан қайтиш, дунёнинг маънисизлиги, арзимаслигини англаб, зулму адолатсизликдан қайтишни ҳам билдиради. Қўрқув тавбаси, гуноҳга иқрор бўлиш – оддий одамларга хос. Сўфийлар тавбаси қалб истижоби, яъни – узилиш, ўзгариш тавбасидир.

Вараъ сўзининг маъноси парҳез, тақво бўлиб, булғанишлардан, маънавий зарар келтирадиган шубҳалардан сақланиш демакдир. Шиблийнинг кўрсатишича, вараънинг уч кўриниши бор: тил вараъи, яъни тилни бемаъни гаплар учун ишлатмаслик, ғийбат-туҳматга берилмаслик; кўз вараъи – шубҳали нарсалардан сақланиш, ғализ шаклларга боқмаслик; қалб вараъи, яъни паст ҳимматни тарк этиш ва нохуш қилиқларни қилмаслик. Кўнгил манъ этган жамики нарсалардан парҳез қилиш, тамаъдан сақланиш, маҳрумликдан қўрқишдан ҳазар қилиш. Ҳуллас, тилга кўзга, қўлоққа ва оёққа банд солиш.

Зуҳд – вараънинг давоми ҳисобланади, бу ҳам парҳез қилиш демакдир. Аммо бунда таом ва ичимликдан сақланиш, ҳалол ва ҳаромни ажратишга алоҳида аҳамият берилади. Зуҳд сўфий учун дунё ва охират тарки, дунё молига эга бўламан деб интилмасликдир. Ҳадис: Кимки дунёдан парҳесз этса, унинг қалби тажаллиёт нури кирадиган жойга айланади. Жунайд Бағдодий сўзи: «Зуҳд – қўлни мулкдан холи тутиш, дилни эса Ҳақдан ўзга ҳар нарсадан пок сақлаш дамак». Имом Ғаззолий дейди: «Зуҳд дунёдан ихтиёрий равишда воз кечиш ва бунинг учун қайғурмасликдир».

Фақр – маъноси қашшоқлик, бенаволик. Сўфийлар наздида улуғвор илоҳий моҳият касб этиш бўлиб, Худога бандаликни сидқидилдан олий даражада бажо келтириш, бандаликдан шараф топиш, ниёзмандлик ва талабгорликда йўлдаги тупроқ мисол ному нишонасиз бўлиш, Илоҳ наздида ўзини зарра, балки заррадан ҳам кам деб ҳисоблаш. Ва шу мартабада комиллик рутбасини қозониш ҳам. Барча нарсалар, оламу Оллоҳга тегишли, инсоннинг вужуди ҳам ўзиники эмас. Чунки у ҳам Яратганнинг мулкидир. Фақрни ана шундай мазмунда англаган одам тасаввуф моҳиятига ҳам етиб боради.

Сабр – тоқат, чидам. Сўфийлар тилида қийинчиликлардан шикоят қилмаслик, айниқса, Худодан бошқага нола-илтижо қилмаслик. Сабр этувчи (собир) ўзини бало гирдобига солиб, балолардан қўрқмайдиган одамдир. Руҳий-маънавий мушкилликлар юз берганда, сабр қилган солик кушоиш топади, янги манзилларни кашф этади. Сабр – иймоннинг ярми дейдилар, чунки сўфийнинг душмани бўлган нафс сабр орқали жиловланади, тоатдан ҳаловат топиш ҳам сабр билан бўлади.

Хавф – қалбнинг ишончдан, иймон амнидан чиқиши, иккиланиш, таҳлика. Вақтинчалик шайтон найранги ҳам кўнгилга хавф-қўрув солади. Солик азобдан эмас, балки макрдан, нафс макридан қўрқади. Ваҳоланки, шайтон иймони мустаҳкам одамдан қўрқиши керак.

Ражо – умидворлик. Қалбнинг келажакда Маҳбуб васлига етишидан умидворлиги, хавфдан қутулиш умиди. Дилнинг соғинчи, интиқликлари ҳам шунга киради.

Таваккул – барча яхши-ёмон ҳодисалар, ишларни Худодан деб билиш, куллан Парвардигорга суяниш. Таваккул илоҳий файзга эътимодли кишининг иймонидир. Бу маърифат камолидан келадиган олиймақомдаги иймондир. Барча ҳолларда ва амалларда Оллоҳга суяниш, ўзини бир фаолият асбоби ҳисоблаш, барчани Худога топшириб, Худодан ўзга нарсалар ҳам худодан эканига чуқур ишониш. Инсон жуда кўп нарсаларни қила олади, аммо бу ҳаракатларнинг бари Улуғ Оллоҳ қудрати туфайли, Қудратининг намоён бўлиши эканини англаш шарт. Худонинг иродаси бизнинг иродамизга ҳоким. «Таваккул – иймон ҳақиқатидир» (Кошоний).

Ризо – қалбдан қабоҳат-кирларнинг кетиши, қазову қадар ҳукмига бўйсуниш, нафс розилигидан чиқиб, Ҳақ розилигига киришдир. Қазо амрига таслим бўлган қалбнинг сурури. Лоҳижий: Ризо – банданинг ўз ризосидан чиқиб, Маҳбуб ризосига кириши, илоҳий қисматга зарра эътироз қилмаслигидир. Соликда ушбу мақомда ҳеч нарсадан ғазаб, ҳаяжон, гина-қудрат ва хафаланиш бўлмайди… Бундай тўхтовсиз изланиш, руҳий изтироблар замирида кучли муҳаббат, мақсадга етишиш йўлидаги бемисл инсоний сидқу вафо, фидойилик ётарди. Шундай пайтда истеъдодли соликларнинг қалб кўзлари очилар, бешта ташқи ва бешта ички (хотира, ҳофиза, ақл, тахаййул, тасаввур) ҳислардан бошқа, яна ҳайратга солувчи зеҳний ва важдий (интиутив) қобилиятлар пайдо бўларди.

Previous articleИнглиз тилини тўғри ўрганиш бўйича 12та кўникма
Next articleСўфий психологияси ёки ҳол