Тасаввуф ва калом илми (Имом Газзолий карашлари)
Шариат билан тариқат орасидаги масала ғоят нозик масаладир. Бу жиҳатни англамаган одам шубҳасиз бирор томонга путур етказиши мумкин. Чинакам мусулмон бўлган, исломни чуқур англаб, унинг маърифати, ҳикмат ва фалсафасидан баҳраманд бўлган, мусулмонликни Аллоҳ ёдида пок яшаш деб билган киши ҳеч қачон тариқатни ўзига ёт деб билмайди. Мусулмонликни фақат расм-русмлар, одатлар ва бошқа ташқи белгилар йиғиндиси деб билувчи киши учун, турган гап, тариқат мавҳум ва ҳатто зарарли нарса бўлиб туюлади. Бу ўринда шуни айтиш керакки, шариат аҳлининг ҳаммасини ҳам тариқат билан курашиб келган, тариқатга мухолиф бўлган деб айта олмаймиз. Кўпгина шариат пешволари тариқат аҳлига ҳурмат билан қараганлар, шайхлар билан дўстлашганлар. Бундан ташқари, дарвеш сулукига кирган фақиҳлар, шайхулисломлар, обидлар бор эди, масжидлар ва хонақолар орасида алоқа бўлиб турарди.
Шунга қарамай, шариат ва тариқат аҳллари орасида мухолифлик давом этиб келди. Зоҳирбин уламолар наздида сурункали тақво, доимий рўза, риёзат учун ўзини қийноқларга солиш Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига хилоф. Инсон ҳаётдан, яъни Аллоҳ берган неъматлардан баҳраманд бўлиши ва ҳам ўз Тангрисига шукрона сифатида тоат-ибодат билан шуғулланиши, бандалик хизматини бажариб туриши лозим. Ўзини қийноқларга солиш Аллоҳга хуш келмайдиган ишдир, дейди шариат аҳли.
Аммо мухолифатнинг бош сабаби бу эмас эди, зоҳидлар, «осойишта» сўфийлар шариат аҳлини унчалик безовта қилмаганлар. Шариат аҳлига ташвиш келтирган нарса – бу тасаввуфнинг фано, тавҳид, ишқ ва васл каби ғоялари эди. Чунки мазкур тушунчалар ҳурфикрлиликни, ҳақиқатни излаш йўлидаги мантиқий-тафаккурий жиҳатни кучайтирар, ваҳдат, руҳ, Илоҳ ва инсон ҳақида теранроқ билим берар, олам асрорини англашга йўл очарди. Бу эса зоҳирий билим билангина чекланган одамларга ёқмасди. Боз устига, Ҳақ ишқида бехуду девона бўлган валийларнинг «шатҳиёт»лари, яъни зоҳирда «куфр» бўлиб кўринган гаплари (чунончи, Ҳалложнинг: «Аналҳақ» дейиши, Боязиднинг «Шарафланганман, шарафланганман, шаъну шараф менга» деган гапи, Машрабнинг «Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ на керак, Бошимга урайинму Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни» дейиши) табиийки ақидапараст кишиларни ташвишга солар ва улар буни иймондан чекиниш деб баҳолардилар.
Шунинг оқибати бўлдики, тасаввуф маслагининг энг ёрқин фикрли азиз фарзандлари Мансур Ҳаллож, Яҳъё Суҳравардий,
Айнулқуззот Ҳамадоний, Имомиддин Насимий, Бадриддин Ҳилолий, Бобораҳим Машраб муқаллид уламолар фатвоси билан расмий равишда қатл этилдилар. Мансур ва Суҳравардийнинг бир неча шогирдлари ҳам қатл этилган. Шу каби Зуннун Мисрий, Боязид Бистомий, Абдуллоҳ Ансорий, Фаридиддин Аттор, Инб Арабий, Жалолиддин Румий каби машҳур мутафаккир шайхлар умр бўйи шариат аҳли билан келишолмай, баъзан эса жоҳил ҳокимлар, амирларнинг тазйиқи остида умр ўтказганлар.
Мақомот ва валийлик сирларидан биринчи бўлиб сўз очган Зуннун Мисрий Миср уламолари раиси Абдуллоҳ бин Ҳаким томонидан таъқиб остига олинади, Зуннуннинг қарашлари инкор қилинади. Зуннун айтган гаплар илми калом уламолари айтган гапларга тўғри келмайди, деб уни зиндақа (дунёнинг асосида икки куч – Ёвузлик ва Эзгулик ётади деган эътиқодни олға сурувчи Занд дини) тарафдорисан, кофирсан дея тошбўрон қиладилар. Абдулқосим Суламий ўзининг «Табақатус сўфия» китобида мазкур маълумотларни келтириб, яна давом этадиким, шайх Абусулаймон Дороний фаришталарни кўраман ва улар билан суҳбатлашаман, дегани учун Дамашқдан бадарға қилинган. Бистом шаҳри аҳолиси ҳам Боязид Бистомийдан мункир бўлдилар. Сабаби у: мен ҳам Пайғамбар сингари Меърожга кўтарилдим, деган экан. Суламийнинг ёзишича, Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий дебдурким, фаришталар, шайтонлар ва жинлар унинг олдида ҳозир бўладилар ва у билан сўзлашадилар. Лекин одамлар бунга ишонмай рад этадилар ва Саҳлни ёмон отлиқ қиладилар. Натижада Саҳл Тустардан Басрага қочиб бориб, ўша ерда вафот этди. Улуғ шайх ва шоир Фаридиддин Атторни «Жавҳаруз зот» (Зот гавҳари) асари учун рофизийлик (шиалик)да айблаган Нишопур уламолари уни Мансур каби қатл этмоқчи бўладилар. Бироқ шоир қочиб жон сақлайди, лекин мол-мулкидан буткул ажралади. Яна қизиғи шундаки, XV асрда, худди шу достонни кўчирган Низомиддин Ҳайдар Бобуний деган котиб Самарқандда муллаларнинг ғазабига дучор бўлган ва қаттиқ жазога ҳукм этилган. Хайриятки, Ҳирот олимлари бундан хабар топиб, Низомиддинни қутқариб қоладилар (Е.Э.Бертельс. «Суфизм и муфийская литература». 372-373-бетлар).
Шариат ва тариқат орасидаги мухолифлик илмий-назарий йўналишда ҳам давом этиб турган. Бир қанча рисолалар ёзилиб, сўфийларнинг сўзлари ва амаллари танқид қилинди. Шундай китоблардан бири 1153 йилда вафот этган Ибн Жавзийнинг араб тилидаги «Талбис иблис» (Иблис васвасаси) номли китобидир. Эронлик олим Сайид Гуҳарин «Тасаввуф истилоҳлари шарҳи» номли китобнинг муқаддимасида Ибн Жавзий асари устида батафсил тўхтаб ўтган. Биз ушбу манбаъдан маълумот учун баъзи иқтибосларни келтириб ўтмоқчимиз.
Ибн Жавзий тасаввуф тарихини икки даврга бўлади. Биринчиси – зоҳидлик даври бўлиб, у даврда сўфийлар шариат талабларига қатъий риоя қилганлар. Иккинчиси – дарвешлик даври бўлиб, бу даврда фикру шуурда ислом ақидаларига тўғри келмайдиган қарашлар юзага келган, тариқат қабул қилган расмрусмлар ҳам илк исломда йўқ эди, дейди Жавзий. Чунончи, хирқа кийиб алоҳида жамоа бўлиб юриш, рақсу самоъ мажлислари ташкил қилиш, куй-қўшиқ эшитиш, чилла ўтириш, зикр тушиш ва ҳоказолар исломга хилоф. Сўфийларнинг бу ишлари одамларни йўлдан ура бошлади, деб ёзади Ибн Жавзий, чунки сўфийлар бағоят тақводор кишилар бўлганлиги сабабли диндорларга таъсир ўтказарди, аммо иккинчи томондан, ўйин-кулгуга берилган дунёпараст кишилар ҳам сўфийларнинг илмини ўрганишдан кўра, каромат ва сеҳрга эътибор берадилар, бу эса шайтоннинг райъига эргашишдир. Ибн Жавзий ёзади: «Кейинги даврларга келиб, Иблис уларнинг ишларига аралашди ва васвасага солди. Уларнинг тобеълари ҳам бу васвасага учдилар. Иблис васавасасининг моҳияти шундан иборатки, у сўфийларни илм ва донишдан қайтариб, уларга мақсад-муддао илм эмас, балки амалдир, деб кўрсатди. Ва улар учун илм чироғи сўнгандан кейин зулмат ичра қолдилар ва йўлдан адашдилар».
Бу тасаввуфга қўйилган катта айб эди. Амалда Ибн Жавзий сўфийларни билимсиз, нодон кишилар деб таҳқирлаган. Тўғри, тасаввуфда шариат илми ақлий-мантиқий илм сифатида олиб қаралади ва сўфий бу илмнинг ўзи билан чегараланса бўлмайди, у ишқ ва ботиний тараққиёт орақли ғайбий-ладуний билимлар соҳиби бўлсагина, мақсадга эришади, деган қараш бор. Бироқ буни шайтон васвасаси ёки нодонлик деб аташ хато. Ахир Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори вали каби улуғ шайхларни шариат илмидан бехабар деб бўладими? Улар бу илмни сув қилиб ичган одамлар эдилар.
Улар ана шу шариат илмидан ташқари яна ботиний-илоҳий илм ҳам жўш уриб турган. Ана шу фазилат билан улар оддий диндорлар, муҳаддису муфассирлардан устун эдилар.
Ибн Жавзийга шариат илмини илми зоҳир, тариқат илмини илми ботин дейиш ҳам ёқмаган, унинг назарида бу тариқатни шариатдан афзал ҳисоблашдир. «Кўп оч юриш, сурункали чилла ўтириш, парҳезкорлик бу одамларнинг миясини айнитган. Шунинг учун улар бидъат ва куфр сўзларни айтадилар, хаёлларига ҳар хил нарсалар кўринади», деб ёзади Ибн Жавзий сўфийлар ҳақида. Сўфийлар ўзларини ислом асосларига дахлдор қилиш учун чаҳорёрлар – Абубакр, Усмон, Умар ва Али разийаллоҳу анҳуларни, бир қисм саҳобаларни илк сўфийлар деб айтадилар ва ҳатто Ҳазрати Пайғамбаримиздан ҳам сўфийлик сифатларини қидирадилар, Қуръони Карим оятларини сўфиёна руҳда шаҳрлайдилар, дейди Ибн Жавзий.
«Талбис Иблис» китобидан: «Одамларнинг бу қавмга (яъни сўфийларга) майли кучлигига боис шуки, тариқатнинг ташқи кўринишини ибодатга мослаганлар, аммо ботинини рақсу самоъ билан тўлдирганлар, одамларга эса бу ёқади».
Яна: «Аввалги сўфийлар шоҳ ва амирлардан нафратланардилар, уларнинг инъомларини олмасдилар. Кейинги сўфийлар тахту тож аҳлининг яқин дўстларига айландилар».
Яна: «Абдураҳмон Суламийнинг келтиришича, Амру Маккий (Мансурнинг пири) ҳикоят қилибдурким, Мансур Ҳаллож билан Макка кўчаларини кезардик. Мен Қуръони Мажиддин бир оят ўқидим. Мансур менинг қироатимга қулоқ солиб деди: мен ҳам шунга ўхшаш сўзларни айта оламан».
Ва яна: «Сўфийларнинг кўпи хотинларга қарашни ножоиз ҳисоблайдилар. Лекин чиройли йигитлар билан суҳбат қуришни ёқтирадилар… Уларнинг фикрича, Худо гўзаллар жисмига синггандир, гўзаллар юзига боқиб, Худонинг жамолидан баҳра оламиз, дейдилар».
Ибн Жавзийга тариқат одоби, яъни таркидунё қилиш, хонақоларда тақво билан умр ўтказиш ҳам маъқул эмас, муаллиф буни ислом шариатига хилоф деб билади. Ибн Жавзий фикрича, олти сабабга биноан бу иш хатодир, яъни биринчидан, ушбу ҳаракат одамларни масжиддан челаштиради, ҳолбуки, масжид мусулмонларнинг асосий йиғиладиган жойи бўлиши керак. Иккинчидан, мусулмонларнинг жам бўлиб ибодат қилиши камайиши мумкин. Учинчидан, кишиларни масжидга бориб намоз ўқишдан маҳрум этади. Тўртинчидан бу иш насронийлар ва исопарастларга тақлид бўлиб, яка ибодат қилиш одатини жорий этади. Бешинчидан, хонақо аҳли орасида кўп ёш йигитлар борким, улар уйланиши ва фарзандли бўлиши керак. Таркидунё улар ҳаётига зоминдир. Олтинчидан, хонақоларда бажариладиган амаллар халқ-ни алдаш ва залолатга йўллашдан иборат. «Кейинги давр сўфий-лари, – деб таъкидлайди Ибн Жавзий, – хонақо ва работлардан текин яшаш ва истироҳат билан кун ўтказишга ўрганиб қолганлар, фақат овқат ейиш ва ўйин-кулги қилиш билан бандлар».
Кўриндики, Ибн Жавзий учун тасаввуф таълимот сифатидаги назарий жиҳатлари, ғоялари билан ҳам мақбул эмас. Муаллиф хонақолардаги пир ва муридилик муомаласидан тортиб, ўзўзини назорат қилиш шартлари ҳисобланган зикру самоъ, чилла ўтириш, сурункали тақводорлик, махсус кийим – хирқа кийиб юришгача – ҳаммасини бидъат деб рад этади («бидъат» – араб тилида янгилик демакдир).
Тасаввуфни танқид қилиш кейинги асрларда ҳам давом эттирилди, ҳозир ҳам афсуским айрим мамлакатларда нақшбанддандия, суҳравардия ва мавлавия тариқатларини танқид этувчи китоблар чоп этилмоқда. Уларда асосан ўша Ибн Жавзий айтган гаплар такрорланади.
Энди тариқат аҳлининг гапларини ҳам эшитайлик. Аввало алоҳида қайд этамизки, тариқат аҳли ҳеч ерда ва ҳеч қачон шариатни инкор этган эмаслар. Билъакс, шариат тасаввуфнинг муҳим ва зарурий қисми деб қаралган. Бошқача айтганда, шариат маънавий тарбиянинг биринчи босқичи ҳисобланган. «Кашфул маҳжуб» китобининг муаллифи Абулқосим Қушайрий фикрича, сулук йўлига кирган киши тўрт буюк марҳала (мақом)ни босиб ўтиши лозим, яъни шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат. Баъзилар маърифатни алоҳида мақом сифатида тилга олмасалар ҳам, аммо шариат, тариқат ва ҳақиқатни санаб ўтганлар.
Яна шуниси борки, кўпгина шайхлар ўз муридларига биринчи навбатда шариат асосларини пухта ўргатганлар, мурид токи Қуръон ва Ҳадисни бутун моҳияти билан англаб етмаса, шариат аҳкоми бўлмиш тавҳид, иймон маъносини тушунмаса, беш вақт намозни адо этиб, рўза тутиб, закот ва ҳаж талабларини ҳам бажармаса, у ҳақиқий мусулмон деб қаралмаган ва хонақога киритилмаган. Бироқ, ҳамма гап шундаки, тариқат пешволари шариат талаблари устига яна янги талаблар қўйганлар, мусулмонлик шартларини чуқурлаштирганлар. Аниқроқ қилиб айтсак, омма тоқат қила олмайдиган, бироқ махсус кишиларгина тоқат қиладиган қишимча риёзатлар юклаганлар ва соликлар буни мажбурий эмас, ихтиёрий равишда ўз зиммаларига олганлар. Ана шу асосда қўшимча намоз, қўшимча рўза, парҳез ва тақво, қўшимча ҳаж қилиш жорий этилган. Шунга қудрати бор кишилар учун бу нарса раво деб қаралган. Чунки бундай одамлар ўз ҳаётларини Худо йўлига бағишлаган эдилар, улар учун бундан муҳим, бундан олижаноб ва қимматли нарса бўлмаган. Хўш, буни манъ этиб бўладими? Ўзини Худо йўлига бағишлаган, туну-кун ибодат билан шуғулланишни одат қилган одамни сен гуноҳ қилаяпсан дейиш мумкинми? Бу ҳар бир банданинг ўзининг шахсий иши. Шунинг учун ҳам тасаввуф ва тариқатни хослар йўли дейдилар ва индивудиал (фардий) ҳодиса сифатида олиб қарайдилар.
Аслини олганда, шариатнинг ўзи ҳам риёзатдир. Беш вақт намозни адо этиш, бир ой рўза тутиш, узоқ сафарга чиқиб ҳаж қилиш риёзат эмасми?
X–XI асрлардан бошлаб шариат ва тариқат аҳллари орасида мунозаралар бошлангандан кейин тасаввуф назариётчилари бу икки томонни келиштириш, шариат ва тариқатни мувофиқлаштириш устида бош қотириб, фикрлар баён этганлар.
Бу ишга биринчи бўлиб қўл урган киши Абубакр Калободий Бухорий (вафоти 990 йил)эди. У ўзининг «Ат-таарруф ли мазҳаби тасаввуф» (Тасаввуф мазҳаби бўйича таништириш китоби) номли асарида тасаввуф ақидаларининг ислом аҳкомларига мувофиқ келишини исботлашга интилган. Олим асосан Қуръон ва Ҳадисдан олинган мисоллар ва тасаввуф шайхлари сўзларини қиёслаш усулидан фойдаланган. Кейинчалик Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089) Абдуллоҳ Кушайри (986–1072), Ҳужвирий (вафоти 1075) ҳам бу масалада фикр билдириб, шариат ва тариқат бирбирини тўлдирадиган, ривожлантирадиган йўллар эканини қайд этганлар. Чунончи, Абдулло Ансорий дейди: «Шариат барча инкор ва тасдиқдан иборат, у инсон вужудига қаратилган бўлиб, шакл-русумлар (қолиплар)ни ташкил этади. Тариқат буткул маҳв бўлмоқ (фано), ҳақиқат эса барча хайратдан иборат. Шариатни тана деб бил, тариқатни дил дегин, ҳақиқатни эса жон ҳисобла».
Аммо бу борада ҳеч ким Имом Муҳаммад Ғаззолийчалик чуқур илмий фикрлар баён этган эмас.
Имом Ғаззолий – Шарқнинг дунёга машҳур мутафаккирларидан, калом илми (фиқҳ, тафсир, ҳадис), фалсафа ва тасаввуф масалалари бўйича бир нечта жаҳоншумул аҳамиятга эга китоблар муаллифи. Ғаззолий асарлари 1145 йилдан бошлаб Европа тилларига таржима қилина бошлаган, Данте, Бекон, Дидро, Руссо, Гегел уни донишманд мутафаккир сифатида тилга оладилар. Абуҳомид Муҳаммад бин Муҳаммад Ғаззолий (1058–1111) Эроннинг Тус шаҳрида туғилган. Нишопурда калом илмининг алломаси ашъарий Жувайнийдан таълим олиб, шу соҳанинг билимдони сифатида ном чиқаради. Салжуқийлар вазири Низомулмулк уни Бағдодда қурдиргани Низомия мадрасасига ишга таклиф этади. 1095 йилда Ғаззолий Бағдодни тарк этиб, кўп шаҳарларни кезиб чиқади, 11 йилдан сўнг яна Бағдодга қайтиб оз муддат дарс бериш билан шуғулланиб, кейин она шаҳри Тусга қайтади. Хонақо ва мадрасаларда маҳаллий ёшларга таълим бериб, шу ерда оламдан ўтади.
Имом Ғаззолий ўз замонининг барча илмларини ўрганиб, уларга муносабат билдирган алломадир. Уни калом илмининг схоластик усуллари ҳам, фалсафанинг ҳаддан зиёд ақлий мушоҳадакорлиги, ички зиддияти ҳам, исмоилийларнинг бир ёқлама қарашлари ҳам қаноатлантирмаган. Ғаззолий ҳар бир илмга унинг инсон табиати ва руҳиятига қанчалик мос келишига ва инсон камолотига хизмат қила олишига қараб баҳо беради. У улуғ руҳшунос олим сифатида иш кўради. Калом илми ўзининг ақидалари (догмалари) билан инсон юрагига йўл тополмаслигини, Худони англаш ва севишга етарли эмаслигини англаган олим тасаввуфда бунинг имкониятлари борлигини кўради. Айнан тасаввуфда дин ва иймоннинг руҳий-психологик жиҳати мужассамланган. Чунки тасаввуфда Худони қалб билан идрок этиш, ҳис-ҳаяжон, муҳаббат орқали қабул қилиш бор (буни юқорида кўриб ўтдик). Ғаззолий каломдаги ақлий муҳокамаларни сўфиёна ҳиссий идрок усуллари билан қўшиб, исломий илмларга янгидан руҳ бағишлади, уларни «тирилтирди». Бошқача айтганда, калом нуқтаи назаридан тасаввуфни ва тасаввуф нуқтаи назаридан калом илмини назардан ўтказди. «У тасаввуфнинг барча қоидаларини таҳлил қилиб, текшириб чиқди, улардан қайсилари суннага мувофиқ келишини, қайси томонлари тўғри келмаслигини аниқлаб берди» (Е.Э.Бертальс. Суфизм и суфийская литература. М., «Наука», 1965, стр. 43.) Бундан, Ғаззолий тасаввуфни каломга мослаштириш биланганина шуғулланган, деган хулоса чиқмаслиги керак. Имом Ғаззолийнинг ҳусни таважжуҳи кўпроқ тасаввуф томонида эди. Унинг тадқиқотлари наинки тариқат билан шариатни чуқур илмий-назарий жиҳатдан яқинлаштиришга хизмат қилди, балки ҳар икки томон ривожи учун фойдали бўлди.
Ғаззолий назарида олий даражадаги мустаҳкам иймон сўфий иймонидир, шунинг учун фано йўлидаги беинтиҳо ишқни исломнинг зарурий рукнларидан ҳисобламоқ керак. Имом Ғаззолий ўзининг «Эҳъё ул улум вад дин» (Диний илмларнинг қайта тирилиши) ва «Кимёи саодат» (Саодат кимёси) номли китобларида тасаввуфни ислом илмларининг таркибий қисми сифатида чуқур ўрганган, тариқатни одам ахлоқини покловчи ва ҳалок этувчи хислатлардан қутқарувчи йўл деб кўтсатади.
Ғаззолийнинг худди шу иши Ибн Жавзийга ёқмаган. Унинг ёзишича, Ғаззолий «Эҳъё ул-улум»да ботил (нотўғри деб топилган) ҳадислар ёрдамида тасаввуфни оқламоқчи бўлади, «Ҳолбуки ўзи ўша ҳадисларнинг ботиллигини билмайди», дейди у. Ғаззолий сўфиёна кароматларни бор нарса, ҳақиқат деб айтади, дунё Парвардигор пардасидир, шунингдек, шариат ҳам зоҳирий нарса, сўфийлар фаришталар, руҳлар анбиёларни кўрадилар ва улардан куйлар эшитадилар ва бунинг фойдаси катта деб ёзади. Бу ахир исломни бузишку, деб хитоб қилади Ибн Жавзий. «Талбиси иблис» китобининг муаллифи Ғаззолийни ислоҳотчилик (реформаторликда) айбланган. Ваҳоланки, ислом тарихида ислом илмининг ривожи учун Имом Муҳаммад Ғаззолийчалик хизмати сингган одам кам бўлса керак. Ғаззолий исломни назарий жиҳатдан бойитди, уни янги давр талабига мос равишда ривожлантирди, мустаҳкамлади. Исломни дунёга машҳур этди. У «ҳужжатул ислом» – ислом ҳужжати деган лақабни бекорга олмаган. Мана бу ривоят ҳам Ғаззолийнинг буюклигига ишорадир.
Абдураҳмон Жомий «Нафаҳотул унс» китобида келтиради: Хожа Буали Формадий дерки, Ғаззолийнинг баъзи ишларидан норози бўлиб юрар эдим. Бир кун уйқу босди, ярим уйқу, ярим уйғоқлик орасида туш кўрдим: катта бир майдон ўртасида оқ иморат бўлиб, одамлар турнақатор тизилиб шу иморат томон борардилар. Сўрадимки, бу не иморат ва сизлар кимсизлар? Жавоб бердиларки, бу бинода Ҳазрати Расулуллоҳ ислом дини ҳақида китоб ёзганларни қабул қилмоқда, биз китоб ёзган кишилармиз. Мен ҳам улар орқасидан турдим ва бино ичкарисига кирдим. Ҳар бир мазҳаб эгаси тасниф этган китобини Пайғамбарга кўрсатарди. Имом Шофеъи, Имом Абуҳанифа ва бошқалар китобларини кўрсатдилар. Расулуллоҳ (САВ) уларни ўз ёнига ўтқазиб, сийлади. Ҳамма тинчигандан кейин мен овоз чиқариб дедим: «Ё Расулуллоҳ, менинг қўлимда ҳам аҳли ислом ақидасини баён этувчи бир китоб бор, агар ижозат берсангиз, ўқиб берай». Расулуллоҳ дедилар: «Қандай китоб?». Дедим: «Қавоидул ақоид» деган китоб, Ғаззолий таълиф этган. Менга китобни ўқишга ижозат бердилар, ўтириб ўқий бошладим… Расули Акрам сифатлари таърифига етганимда юзлари ёришди ва табассум қилиб, дедилар: «Қани Ғаззолий?». Ғаззолий ўша ерда эди, жавоб берди: «Ғаззолий менман». Расуллуллоҳ қўлларини узатдилар, Ғаззолий ул муборак қўлни ўпди ва кўзларига суртди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ишораси билан тўрт мазҳаб соҳиби бўлган имомлар қаторига бориб ўтирди».
Бу ривоят, аммо уинг замирида катта ҳақиқат бор. Ҳақиқат шуки, Имом Ғаззолий аъламул уламо, буюк диншунос аллома сифатида ислом оламида тан олинган эди. Бундай улуғ шайхнинг тасаввуфга ҳусни таважжуқ этиши эса бежиз эмас эди. Чунки Ғаззолий бирданига сўфийлар тариқатини қабул қилганлардан эмас. У бошида фиқҳ ва Ҳадис олими сифатида машҳур бўлган, ўз замонасининг барча имларида тенгсиз устоз сифатида танилган эди. Шарқнинг энг нуфузли мадрасаси Низомияда раисул уламо лавозимига тайинланиб, уч юз толиби илмга дарс ўқирди. Аммо ёши элликка етганда бирдан мадрасани, дўстлари ва шогирдларини ташлаб, узлатни ихтиёр этди ва бунинг сабабларини ўзининг «Ал Мунқиз миназ залол» (Гумроҳликдан қутулиш) китобида баён этди.
«Мени тақлид тубанлигидан басират баландлигига қандай журъат етказинини сенга ҳикоя қилай», деб бошлайди китобини Ғаззолий. «Калом илмидан нима олдим, аҳли таълим (исмоилия мазҳаби) ва имомга тақлид қилувчиларким, ҳақиқатни англашдан узрли ва ожиздирлар, қандай нафрат пайдо бўлганини айтай. Ва фалсафа тўқиш шевасини арзимас деб билганим… ва тасаввуф тариқатини қандай афзал билганимни айтай».
Унинг ёзишича, ёшлигидан қалбида ҳақиқатга ташналик ҳисси борлиги учун «қўрқмасдан ўзини чуқур дарёга» ташлаган, яъни ҳар бир илмни дадиллик билан ўргана бошлаган. Ҳар бир тоифанинг ақидасини яхшилаб тафаккурдан ўтказган ва қониқмай яна ўргана бошлаган. Имом Ғаззолийнинг уқтиришича, илм икки хил бўлади. Бири – тақлидий илм, яъни ўтмишдан мерос қолган, ота-она ва устозлардан олинадиган билимлар. Иккинчиси – кашф этилган илм. Тақлидий илм кўр-кўрона эргашиш билан бўлади, кашф этилган илм эса ҳар бир шахснинг қобилияти, шуурий изланиши орқали қўлга киритилади. «Менинг мақсадим амрлар ҳақиқатини кашф этиш эди», дейди муаллиф. Зотан, ҳаётда жуда кўп одамлар тақлидий билмилар билан қаноатланадилар. Чунки янгилик яратмай, тайёр ҳунарлар, илмларни ўрганиб, кўп қатори яшаш осон. Аммо тараққиёт учун, инсоният тафаккурини олға силжитиш учун илоҳий ва дунёвий ҳақиқат-ларни, моҳиятларни излаш, кашф этиш зарур. Бу – айрим буюк шахсларнинг насибаси.
Шундай буюк шахслардан бири бўлган Имом Абуҳомид
Ғаззолий Ҳақиқат толиби бўлиб, аввал калом илмини, сўнгра фалсафани, кейин исмоилия таълимотини ва охири тасаввуфни ўрганишга киришган. У илми калом ҳақида, фалсафа ва исмоилия ҳақида бир нечта китоб ёзади. Олим шундай хулосага келадики, илми калом ҳам, фалсафа ва исмоилия ҳам илоҳий ҳақиқатларни янгилатишга қодир эмас. Мана унинг хулосалари:
«Мутакаллимлар ўз ақидаларини чуқурлаштириш учун жавҳар ва араз (фалсафа тушунчалари) масалаларида баҳс бошладилар ва фалсафага қўл урдилар. Лекин улар илмининг мақсади бошқа бўлгани сабабли уларнинг сўзи нишонга етмади ва одамлар орасидаги шак-шубҳаларни бартараф қилолмадилар».
«Икки йил ичида файласуфлар илмини эгалладим. Яна бир йил тафаккурга берилдим. Уларнинг китобларини такроран ўқир эдим. Уларнинг хато ва адашишларини англадим, раддига йўл топдим ва билдимки (фалсафа) инсон камоли учун етарли эмас».
«Таълимийлардан (исмоилия аҳли) бир кишини учратдим… уларнинг китобларини топиб ўқидим, сўзларини кўрдим… Уларнинг фасод-хатоларини далиллар билан исботладим. Хулоса шуки, уларда ҳам ишга ярайдиган ва фойда берадиган сўз тополмадим».
Шундан кейин Ғаззолий тасаввуф ва тариқатга юзланади. У ёзади:
«Ҳақиқат юзасидан англадимки, бу жамоат, (яъни сўфийлар) аҳвол эгаларидирлар, сўз аҳли эмаслар. Бу илмни таҳсил билан имкон қадар ўргандим, аммо қолган нарсаларни дарс таҳсили ва суҳбат билан эгаллаб бўлмасди, балки бу завқ ва сулукни талаб қиларди. Менга шу нарса аён бўлдики, тариқатнинг асоси тарки нафс, тарки алоиқ экан, уқбога кўнгил боғлаш, бутун ҳиммат билан Худо сари юзланиш экан. Ўз ҳолимга қарадим ва кўрдимки, тааллуқларга ғарқ, дунё ташвишига кўмилган эканман».
Шундан кейин Ғаззолий қалбида ўтли ғалаёнлар бошлангани, шариат илми ва фалсафадан, дарсу таълимлардан совиганлигини ёзади. «Худо оғизимга қулф урди ва дарс айтолмадим, дейди у, овқат томоғимдан ўтмади, қувватим сусайиб борарди». Табиблар уни кўриб руҳий муолажага муҳтож эканини айтадилар. Ғаззолий сафарга чиқиб ўн йил шаҳарма-шаҳар юради. «Ва бу хил вақтларда менга шундай нарсалар намоён бўлдики, деб таъкидлайди улуғ олим, айтиб адо қилолмайман… Аниқ билидимки, сўфийлар Худо таоло йўлининг ошиқу соликлари экан ва уларнинг сийратлари, сийратларнинг энг яхшиси ва уларнинг йўли энг тўғри йўл ва аҳлоқлари энг покиза ахлоқдир. Шу даражадаки, агар дин асрорининг барча оқилу донишмандларини бир-бирларига қўшсалар ва ҳулқу атворлари, сийратларини ўзгартирсалар ва яхшиласалар ҳам бу даргоҳга йўл топмаслар. Чунки сўфийларнинг жамики ҳаракат ва сўзлари зоҳиру ботинда
Пайғамбарнинг чароғдонидан нур олгандир. Барча мукошофа ва мушоҳида Пайғамбар нуридан бошланади».
Имом Ғаззолий тасаввуфдаги илоҳий муҳаббат, ишқ, самоъ ҳодисаларига ижобий муносабатда бўлган, бу ҳодисаларни ҳам инсон руҳияти билан боғлаб тушунтирган. Унинг уқтиришича, инсон руҳиятида кечадиган, руҳни яйратадиган жами воситалар Аллоҳ муҳаббатини кўпайтиришга сабаб бўлади ва сўфийни Улуғ даргоҳга яқинлаштиришга хизмат этади. Масалан, у «Кимён саодат» асарида самоъ ҳақида бундай ёзади: «Уламо орасида самоънинг ҳаром (манъ қилинган) ёки ҳалоллиги (рухсат этилган) масаласида ихтилоф бор. Кимки самоъни манъ қилган бўлса, зоҳир аҳлидан-дирки, у Ҳақ таолонинг муҳаббати шахс дилида қандай пайдо бўлишини англамайди. Зоҳирбин одам бундай дейди: одам боласи ўз жинсини севиши мумкин. Аммо на унинг жинсидан бўлган, на унга ўхшамайдиганни қандай қилиб севади? Бас, унинг кўнглида маҳлуқ ишқидан бошқа ишқ бўлмайди ва агар Холиқнинг ишқи пайдо бўлса, у ўхшатиш хаёлига бориб, буни ботил ҳисоблайди. Шу сабабдан дейдики, самоъ ёки кўнгилхушлик ўйинидир ёки махлуқ ишқидандир ва бунинг иккаласи ҳам динда номақбулдир.
Агар бундай одамдан халқ учун вожиб бўлган Худо севгиси нимадир деб сўрасалар, амрга итоат қилиш ва тоат деб жавоб беради. Ва бу ушбу қавмга хос улуғ хатодир».
Ана шу «улуғ хато» нима эканлигини исботлаш мақсадида Ғаззолий инсон кўнгли истакларига мурожаат қилади. «Самоъ ҳақида ҳукм чиқариш учун гапни аввало кўнгилдан бошлаш керак, деб ёзади олим, чунки самоъ кўнгилда бор нарсани юзага чиқаради, ҳаракатга келтиради. Кимнинг кўнглида Маҳбубга муҳаббат учқуни бўлса, самоъ уни кучайтиради, аланга олдиради. Бундай пайтда самоъ савобдир (раводир). Самоъни ёқимли бўлгани, хурсандчилик келтиргани учун ҳаром дейиш тўғри эмас. Ёқимли нарсалар ҳаром эмас, ёқимлилардан зарарли бўлганларигина ҳаромдир».
Ғаззолийнинг мана бу фикри ҳам муҳим: «Шуни билгилким, кимки самоъ ва важдни, сўфийлар аҳволини инкор этса, у буни ўзининг ноқислиги, калтафаҳмлигидан қилади». Демак, қуруқ ақидапарастлик, зоҳрий билимларга ёпишиб олган одамнинг фикри заиф, тор ва ноқис, бўлади. Билим кенгайиши учун инсон ақл ва тафаккур билан бирга қалбини ҳам ишга солиши лозим. Камолот йўли шу. Маълум бўладики, Ғаззолий ҳар бир масалага ҳаётий эҳтиёжлар нуқтаи назаридан ёндашади, қуруқ шиорлар ташлаш, маълум, неча марта қайтарилган гапларни такрорлайверишни олим кишининг иши эмас деб ҳисоблаган. Масалан, у илоҳий муҳаббатнинг зарурий нарса эканлигини «Эҳъё ул улум» асарида мана бундай исботлаган: инсон ўзига яхшилик қилган одамни яхши кўради, гўзал нарсаларни яхши кўради, умуман яхшилик ва гўзаллик севимли, демак, жамики яхшиликлар (эзгулик) ва нафосат мужассами бўлмиш Аллоҳ таолони севишимиз табиий ҳолдир.
Ёки у тасаввуфдаги «узлат» тушунчасини бундай изоҳлайди: узлатнинг олти хил фойдаси ва олти хил зарари бор. Аввало шуки, деб таъкидлайди олим, узлат мутафаккир инсонлар учун зарурий эҳтиёждир. Инсон бот-бот ўзи ёлғиз қолиб, хаёл ва тафаккурга ғарқ бўлишни хоҳлайди. Илоҳ ишқида ёнган кишилар учун бу эҳтиёж яна ҳам кучлироқ. Шундай қилиб, узлат «фикр фароғати»ни юзага келтиради, «кўп изтироблардан одамни халос этади», фитнадан қутқаради, «гумон ва туҳмат ранжидан озод» этади, «тамаъдан узилади, одамлар ҳам ундан тамаъ қилмайдилар», нохуш одамлар суҳбатидан халос этади. Бу узлатнинг фойдаси.
Энди зарарига келсак, узлат қилган одам илмни оширишдан маҳрум бўлади, одамларга манфаат етказолмайди, ўзи ҳам манфаат кўролмайди, кишиларни дину диёнатга даъватдан четда қолади, «васвос ғалаба қилиб, зикрдан нафратланиши мумкин, савоблар (ҳол сўраш, касал кўриш каби)дан қуруқ қолади, такаббурга берилади, чунки «узлат ҳам такаббурнинг бир тури».
Кўринадики, Имом Ғаззолий бир томонлама муҳокамалар, яъни мана бу яхши, буниси ёмон каби ҳукмлар тарафдори эмас. У ҳар бир ҳодиса-воқеани турли томондан олиб қарайди. Жумладан, калом илмини ҳам, фалсафани ҳам, тасаввуфни ҳам қайси жиҳатлари эътиқод-иймонни мустаҳкамлайди, инсон учун зарур ва фойдали, қайси томонлари қусурли, зиддиятли, инсон эътиқоди учун зарарли эканини кўрсатиб беради. Унинг қудрати чексиз билимида, у гарчи перипатетик файласуфлар Аристотел, Форобий, Ибн Синоларни танқид қилган бўлса-да, аммо ўзи тавҳид, таваккул, қазову қадар, ақли кулл, сурат ва маъно, оламлар тузилиши, («Эҳъеул улум» асарида олам зарралардан ташкил топган, зарралар домий харакатда деган фикрни билдиради), табиий жисмлар хусусиятини ўрганганда фалсафа ютуқларидан фойдаланади. Шундай таассурот туғиладики, Имом Ғаззолий Ибн Синоларга қараганда кўпроқ исломий муҳит ичида фикр юритади, кўпроқ шарқликдир. У жами илмларни ислом илми, исломий тафаккур тараққиётига хизмат қилдирди. Ғаззолийнинг тадқиқот усули рационалистик усул, аммо дунё ва Илоҳни англашда у ирриционат йўлни ҳам мақбул ҳисоблади, ирфоний билишни билишнинг юксак кўриниши деб ҳисоблади. Одамнинг ўзини таниши ҳам шу йўлдан бориши зарур, инсон ўзини танимай оламни ва Илоҳни таний олмайди. Жамики илмлар, қарашлар, таълимотлар шунга хизмат қилиши керак.
Имом Ғаззолий меросини ўрганиш ислом фалсафаси тарихини ёритиш, калом илми, фалсафа ва тасаввуф орасидаги муносабатларни ёритишда катта аҳамиятга эга.