Нутқнинг асосий хусусиятлари (insho)

0

Нутrнинг  асосий хусусиятлари иншо

“Нутқнинг асосий хусусиятлари”

Режа:

  1. Нутқнинг тўғрилиги
  2. Нутқнинг аниқлиги
  3. Нутқнинг мантиқийлиги
  4. Нутқнинг тозалиги.
  5. Нутқнинг таъсирчанлиги

Нутқ сўзловчи ёки ёзувчи томонидан шакллантирилган матн нинг ташқи кўриниши бўлиб, у фақатгина тилга боғлиқ саналмасдан, шу билан бирга, ҳам руҳий, ҳам эстетик ҳодиса ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унга намунавий нутқ сифатида баҳо берилганда тингловчи ва китобхонга кўзда тутилган мақсаднинг, айтилмоқчи бўлган муддаонинг тўлиқ бориб етиши, уларга маълум таъсир ўтказиши назарда тутилади ҳамда бу вазифаларнинг амалга оширишда нутқ олдига айрим талаблар қўйилади. Бу талабалар грамматик жиҳатдан нутқнинг тўғри бўлишини, сўзлар кўзланган маънони аниқ акс эттиришини, чиройли, ёрқин ва таъсирчан бўлишини тақозо қиладики, улар нутқнинг асосий хусусиятлари сифатида қаралади. Нутқ ҳақидаги таълимот – ортология ана шу сифатларни ўрганиш билан шуғулланади.

Қадимги даврларда ҳам нутқнинг бу жиҳатларига алоҳида эътибор бериб келишган. Масалан, римликлар намунавий нутқнинг сифатларини ўзида акс эттирувчи қоидалар ишлаб чиқишган Машҳур нотиқ Цицерон фикрича, аниқлик ва тозалик нутқ учун шунчалик зарурки, уларни асослаб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Аммо нотиқ тингловчиларни ўзига жалб қилиши учун бу сифатлар ҳали етарли эмас. Бунинг учун нутқ жозибадор бўлиши ҳам керак. Нотиқ Дионис Галикарнас эса нутқда мақсадга мувофиқликни муҳим деб ҳисоблаган.

Агар нутқ маълум вазият ва шарт-шароитларда амалга оширилиши назарга олинса, бунда жой, вақт, мавзу ва мулоқот жараёнининг мақсади каби омиллар катта аҳамиятга эга бўлади. Айтилганларни қисқача умумлаштирадиган бўлсак, нутқнинг асосий хусусиятлари сифатида қуйидагиларни белгилаш лозим бўлади: тўғрилик, аниқлик, мантиқийлик, таъсирчанлик, тимсоллилик, тушунарлилик ва мақсадга мувофиқлик. Қуйида улар ҳақида қисқача маълумотлар берилади:

Савол: – Талабалар, нутқнинг асосий хусусиятлари қайсилар экан?

Талабалар жавоб берадилар:

– Нутқнинг асосий хусусиятларига тўғрилик, аниқлик, мантиқийлик, тозалик, таъсирчанлик киради. Бундан ташқари нутқнинг тимсоллилик, тушунарлилик, мақсадга мувофиқлик каби  хусусият- лари ҳам мавжуд.

Нутқнинг тўғрилиги

Нутқнинг тўғри бўлиши унинг бош коммуникатив хусусияти ҳисобланади. Нутқнинг тўғри тузилган бўлиши томонларнинг – сўзловчи ва тингловчининг, ёзувчи ва ўқувчининг бир-бирларини тез ва осон тушунишларини таъминлайди. Агар нутқ тўғри бўлмаса, у аниқ ҳам, мақсадга мувофиқ ҳам, мантиқий ҳам бўлмайди. Демак, нутқнинг тўғри бўлиши дастлаб унинг адабий тил меъёрларига мувофиқ келиши бўлиб ҳисобланади.

     Нутқнинг тўғри бўлиши асосан икки меъёрга – урғу ва грамматик меъёрга амал қилишни тақозо этади. Нутқ жараёнида маънони тўғри англатиш учун сўздаги бўғин, гапдаги  сўз  урғусининг  тўғри  ишлатишига эътибор қилишимиз лозим бўлади.

Нутқ қурилишининг грамматик шаклларини фарқлай олиш сўз ларни мазмуний боғланишларига қараб жойлаштириш грамматик меъёрларни белгилар экан, нутқнинг тўғри ифодаланиши учун гап тузиш қоидаларини ўзлаштириш, ўзак ва қўшимчалар ўртасидаги муносабатларни, эга-кесим мослигини, иккинчи даражали бўлакларнинг уларга боғланиш йўлларини яхши англаш лозим бўлади. Акс ҳолда нутқда камчилик рўй беради. Мисол: Алфавитимизга қўшимча ҳарфлар киритиш ёки чиқариш билан нутқ маданиятимиз- ни ошириш учун имконият яратилмай, балки нутқ маданиятимиз такомиллашувида чалкашлик содир бўлиши мумкин эмасми? (Газетадан).

Нутқда синтактик меъёрларнинг бузилиши ҳам кузатилади. Шукрулло, Мирмуҳсин, Туроб Тўла, Пўлат Мўмин асарлари синтаксисини таҳлил қилган Ф. Исҳоқов бу бузилишларни танқид қилиб, қуйидаги мисолларни келтиради: сўз тартибининг бузилиши:

     Отабек фарзандига ким куяр ахир,

     О, нақадар оғир фарзанднинг доғи.                              (Шукрулло)

     Ғалвиракнинг ўзи хунук, лекин мағзи соз бўлур,

     Пистанинг ҳам қаттиғидан очиқ оғзи соз бўлур.          (Шукрулло) 

     Эга-кесим номувофиқлиги:

     Нима етишмасди? Етишмасди фақат,

     Мангу баҳор олиб келувчи бизлар.                               (Миртемир)

 Ф. Исҳоқов шоир Туроб Тўла ижодида, ҳатто, унинг прозаик асарларида инверсиянинг ҳаддан ташқари, чекланмаган даражада кўп ишлатилишини ачиниб гапиради. Айрим намуналар: Мана ким бўлса, дейди фарзандим инсон. Домла ўйлаб туриб, бу “Садраш” бўлсин деди, бўлмаса. Ўшанда ўша шоир украин тилида “Пушкин ва чақмоқ” деган шеър ўқиб кетди, ёдаки бирданига[1].

Маънонинг тўғри, мақсадга мувофиқ ифода этишида оҳангнинг ҳам хизмати катта. Сўзларга қайси йўсинда урғу берилишига ўзгариб бориши мумкин. Масалан, нутқ жараёнида келинг сўзидаги самимият, пичинг, масхаралаш, норозилик каби оттенкалар фақат оҳанг ёрдамидагина реаллашади.

Хуллас, она тили хазинасидан керакли грамматик шаклларни танлаш ва уларни жой-жойида ишлатиш, нутқни тўғри тузишга эришиш, ҳар бир тил бирлигини ўрнига қўйиб талаффуз қилиш нутқ маданиятининг асосий талабларидан саналади.

Нутқнинг аниқлиги

Аниқлик ҳам нутқнинг асосий коммуникатив сифатларидан биридир. Агар тўғрилик нутқнинг юзага келишида фақат тил омили зарурий белгиси сифатида қаралса, нутқнинг аниқлиги дейилганда унинг шаклланишига хизмат қиладиган, тилдан ташқарида бўлган омилларни ҳам назарда тутиш лозим бўлади. Бунда дастлаб тил ва тафаккур муносабати туради. Чунки, табиат ва ҳодисалар ўртасидаги мутаносиблик ва унинг нутқда акс этиши ана шу аниқликнинг худди ўзидир.

А. Қаҳҳорнинг ижоди ҳамда тил маҳорати ҳақидаги айрим муло ҳазалари диққатга сазовордир. Маъруф Ҳакимнинг “Қаҳрамоннинг ўлими” ҳикоясини таҳлил қилган ёзувчи Ботир белига қатор бешта бомба қистириб, қўлида бомба ушлаган ҳолда кўчага югурди жумлаларидаги бомба сўзининг нотўғри қўлланганлигини, ёзувчининг бомба ва гранатани фарқламаслигини танқид қилади. А.Қаҳҳор таҳлилда давом этиб, ҳикоядан яна мисоллар келтиради. Ботир “Султон аканинг оёқларини силаганда қўлига елимга ўхшаш бир нарса ёпишганлигини сезди: қоронғуда нима эканлигини билолмай қолди”. Шу ернинг ўзида “Женя йигитнинг кўзига узоқ тикилиб қолди”. Қўлга теккан қон кўринмаган йигитнинг кўзига қоронғида кўз кўринадими, дейди ёзувчи[2].

Аниқлик – бу сўзнинг ўзи ифодалаётган воқеликка мос ва мувофиқ келишидир.

Нутқнинг мантиқийлиги

Нутқнинг мантиқийлиги унинг асосий сифатлари – тўғрилик ва аниқлик билан чамбарчас боғлангандир. Чунки грамматик жиҳатдан тўғри тузилмаган нутқ ҳам, фикрни ифода этиш учун муваффақиятсиз танланган лексик бирлик ҳам мантиқнинг бузилишига олиб келиши табиийдир. Мантиқий изчилликнинг бузилиши тингловчи ва ўқувчига ифодаланаётган фикрнинг тўлиқ бориб етмаслигига, баъзан умуман англашилмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Нутқни шакллантиришдаги эътиборсизлик оқибатида баъзан мантиқсизлик ҳам юз беради. Қуйидаги мисолда диққат қилайлик:

Ферма жонкуярлари олти ойлик давлатга сут сотиш планларини муддатдан олдин бажардилар (Газетадан). Гапда сўзларнинг тартиби тўғри бўлмаганлиги, олти ойлик бирикмасининг давлатга сўзидан кейин келмаганлиги туфайли мантиққа путур етаяпти, фикрни баён қилишда хатолик юз бераяпти.

Сўзларни бир-бирига мазмунан боғлаш, улар ўртасидаги грамматик алоқани тўғри шакллантириш синтактик меъёрга амал қилишнинг асосий шарти бўлиб ҳисобланади. Мана бу мисолда куй ва рақс сўзларининг диктор томонидан уйғун тарзда қўлланиб юборилиши мантиқнинг бузилишига олиб келган: Энди куй ва рақслар тинглаб, дам олинг (телевидениядан). Куйни тинглаш мумкин, аммо рақсни-чи? Ҳаммомда қатиқ ва шиша идишлар истеъмол қилиш ман этилади (“Муштум” журнали).

Демак, мантиқий нутқ деганда яхлит бир тизим асосида шаклланган, фикрлар ривожи изчил бўлган, ҳар бир сўз, ибора аниқ, мақсадга мувофиқ равишда юзага келадиган нутқни тушунамиз.

Нутқнинг тозалиги

Нутқнинг тозалиги деганда унда тил  элементларининг  ишлати- лишида адабий тил меъёрларига амал қилиш-қилмаслик тушунила- ди. Яхши, намунавий нутқ ҳозирги ўзбек адабий тилига, унинг талабларига мос ҳолда шаклланган бўлиши, турли ғайриадабий ва ғайриахлоқий тил элементларидан ҳоли бўлиши керак. Чунки у бой маънавий-ахлоқий қадриятларга эга бўлган ва бугун мустақиллик даврида яшаб, дунё ҳамжамияти билан тенг мавқеда мулоқотда бўлаётган ўзбек халқининг маданий даражасига мос бўлиши лозим.

 Ижтимоий муҳитнинг тилдан фойдаланиш жараёнига таъсир кўрсатиши табиий бир ҳолдир. Кишилар ўз нутқларида билиб-билмай ёки эътиборсизлик оқибатида бошқа тил элементларидан ҳам фойдаланадилар. Бошқа миллат вакиллари билан яшаш, меҳнат қилиш, таълим олиш, хуллас, муомала жараёнида шундай ҳоллар юз беради.

Бошқа тиллардан сўз ўзлаштириш нутқда заруриятга кўра улардан фойдаланиш салбий ҳодиса эмас. Аммо бундай сўзлар орасида варваризм деб аталувчи шундай бир қатлам мавжудки, уларни нутқда қўллаш-қўлламаслик масаласига адабий тил меъёрлари нуқтаи назаридан муносабат билдириш лозим.

Гап шундаки, варваризм сифатида қараладиган ну, как, вот, совсем, вообще, только, только так, естественно, объязательно, конечно, уже, почти, так что, значит, как раз, неужели, тем более, документ, оформить қилмоқ, организовать қилмоқ, принимать қилмоқ, разрешенье олмоқ, подпись қўймоқ, бо, акун, сони каби сўз ва бирикмаларнинг ўзбек тилида айнан эквивалентлари мавжуд. Бунинг устига улар адабий тилимизга кирган эмас. Демак, бу сўзлар ўзбек тили учун меъёр эмас. Аммо биз уларни, ижтимоий муҳит таъсиридан бўлса керак албатта, фарқига бормасдан ишлатаверамиз, нутқимизни назорат қилмаймиз. Шу тарзда лексик меъёр ҳам, нутқ ҳам бузилади.

Шунинг учун ҳам тилда варваризмларнинг ишлатилишини ижобий ҳодиса сифатида эмас, балки меъёрнинг бузилиши деб қараш ва уларни нутқда қўлламаслик лозим.

Имкони борича бадиий адабиётда ҳам вулгар сўзларни ишлатишдан қочиш керак. Чунки бадиий адабиёт кишиларга эстетик таъсир ўтказиш воситаси бўлиши билан бирга, тарбия манбаи эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Хуллас, нутқнимизнинг тозалиги учун кураш ундан фойдаланув- чи ҳар бир кишининг вазифаси бўлиши керак. Ана шундагина умуммиллий тил маданияти ҳақида гапиришимиз мумкин бўлади.

Нутқнинг таъсирчанлиги

Нутқнинг ижро этилишида унга маълум бир воқеа-ҳодиса ҳақида маълумот беришдан ташқари яна бир мақсад – тингловчи онгига ва руҳиятига таъсир этиш вазифа қилиб қўйилади. Шунинг учун ҳам таъсирчанлик нутқнинг асосий сифатларидан бири саналади ҳамда тўғрилик ва аниқлик ҳам, мантиқийлик ва тозалик ҳам суҳбатдошга, тингловчига ёки ўқувчига таъсир этишига қаратилган бўлади. Бу санаб ўтилган хусусиятларда тил омиллари биринчи ўринда турса, уларнинг барчасидан фойдаланган ҳолда таъсирчанлик кенг доирада тилдан ташқаридаги омилларни ҳам қамраб олади.

 Нутқнинг таъсирчанлиги деганда, асосан, оғзаки нутқ жараёни назарда тутилади ва шунинг учун унинг тингловчи томонидан қабул қилинишидаги руҳий вазиятни эътиборга олиш ҳам муҳим саналади. Яъни нотиқ аудиторияни ҳисобга олиши – уларни билим даражасидан ёшигача, ҳатто нутқ сўзланаётган пайтдаги кайфиятгача кузатиб турилиши, нутқнинг тингловчилар томонидан қабул қилинишини назоратга олиб борилиши лозим бўлади. Малакали билимга эга бўлган кишилар олдида жўн, содда тилда гапириш мақсадга мувофиқ бўлмагани каби, оддий, етарли даражада маълумотга эга бўлмаган аудитория олдида ҳам илмий ва расмий тилда гапиришга йўл қўйиб бўлмайди. Хуллас, нотиқдан вазиятга қараб иш тутиш талаб қилинади. Ва бутун диққат-эътибор ифодаламоқчи бўлган фикрни тўлалигича тингловчиларга етказиш вазифа қилиб қўйилади.

Нутқнинг тингловчиларга қандай таъсир қилишида ва уларда қандай таассурот қолдиришида нотиқнинг нутқий жараён давомида ўзини қандай тута билиши, жест ва мимикалари, ҳатто кийиниши каби омилларнинг ҳам аҳамияти бор. Самимийлик, хушмуомалалик, одоблилик, аудиторияга ҳурмат билан қараш каби фазилатлар нутқнинг тингловчилар томонидан эътибор билан тингланишига сабаб бўлади.

Нутқнинг таъсирчанлиги, ифодалилиги ҳақидаги гап, маълум маънода, нутқ сифатлари ҳақида айтилган мулоҳазаларга якун ясашдир. Чунки яхши нутқнинг фазилатларини кўрсатиб ўтиш, нутқда учрайдиган айрим типик хатоларни таҳлил этиш пировард натижада таъсирчан бир нутқни шакллантиришга хизмат қилади.


  • [2] А. Қаҳҳор. Ёшлар билан суҳбат. Т., 1968, 44–46-бетлар.
  • [3] Ф. Исҳоқов. Эътиқодимиз ҳам бор, эътирозларимиз ҳам. “Нутқ маданиятига оид масалалар” тўплами. “Фарғона”, 1973, 112–119-бетлар.
  • [4] А. Қаҳҳор. Ёшлар билан суҳбат. Т., 1968, 44–46-бетлар.
Previous articleNutq madaniyati tarixidan. Nutq madaniyati va notiqlik san’ati
Next articleGeografiya nimani o‘rganadi?